Ўзбекистон | 14:49 / 17.10.2018
3293
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилади

Фото: customs.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати ишлаб чиқилган ва Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида белгиланган тартибда жойлаштирилган;

жорий этилаётган интерактив хизмат манфаатдор барча фойдаланувчиларга ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни Интернет тармоғи орқали олиш имконини беради.

Белгилаб қўйилишича:

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати доирасида ахборот реал вақт режимида тақдим этилади;

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати базасига ахборотнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилиши ҳамда уларнинг ишончлилигини таъминлаш учун ваколатли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда узлуксиз ишлашини таъминлайди.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборотини ўз вақтида янгилаб бориш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича технологик йўриқномага кўра, “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг ахборот базасини шакллантириш бўйича манфаатдор ваколатли органлар билан ҳамкорлик маълумотларни узатиш телекоммуникация тармоғи орқали амалга оширилади.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг узлуксиз ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати базасига ахборотни киритиш, янгилаш ва ушбу хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида фойдаланувчиларга “Бош администратор”, “Администратор”, “Масъул ходим” ва “Фойдаланувчи” мақомлари берилади.

Давлат божхона қўмитаси “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг “Бош администратори” ҳисобланади ва ваколатли органлар томонидан тайинланган ходимларга “Администратор” мақомини беради.

Ваколатли органларда тайинланган “Администраторлар” “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмат базасига ахборотни киритиш ва янгилаш учун масъул ходимлар рўйхатини шакллантиради ҳамда уларга “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати базасига кириш учун рухсат беради.

Ваколатли органларнинг “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати доирасида электрон ҳамкорликни таъминлаш бўйича рўйхатга киритилган барча масъул ходимлари (божхона органлари ходимларидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилган электрон рақамли имзо калитларига эга бўлишлари керак.

Божхона органлари ходимлари “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати базасига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кирадилар.

“Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати базасига ахборотни киритиш, уни янгилаш ва бекор қилиш ҳуқуқига фақат ваколатли органларнинг масъул ходимлари ҳисобланган ва рўйхатга олинган фойдаланувчилар эга. Рўйхатга олинмаган фойдаланувчиларга ушбу амалларни бажариш ман этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид