10:19 / 19.10.2018
29506

Гулистон тумани ҳокими ўзгарди

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Халқ депутатлари Гулистон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда. 

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ Сирдарё вилояти ҳокими қарорига асосан, Гулистон туман ҳокими Абдумавлон Ибодуллаев лавозимидан озод этилиб, Шавкат Ғофуров Гулистон туман ҳокими лавозимига тайинланди.

Ш.Ғофуров 1965 йилда Жиззах вилоятида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. 2012 йилдан шу кунга қадар Сирдарё вилояти “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти директори лавозимида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, Абдумавлон Ибодуллаев 2017 йил 28 апрель куни туман ҳокими лавозимини эгаллаганди.

14 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-терими масаласига бағишланган селектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда шу масалада сусткашликка йўл қўйган ҳокимлар, мансабдорлар қаттиқ танқид қилинганди.

Селекторда 100дан ортиқ раҳбар шахсларга (туман ҳокимлари, прокурорлари, ИИБ бошлиқлари ва ДСИ бошлиқлари) пахта сабаб интизомий чоралар қўллангани (уларнинг бир қисми ишдан олинган, бир қисмига ҳайфсан берилган ёки икки ойлик маошидан маҳрум этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Шунингдек, бош вазир селектор вақтида вилоятлар ҳокимларига республика бўйлаб 10 ҳокимни ишдан бўшатиш бўйича тақдимномалар киритиш ҳақида топшириқ берган. Шундан сўнг Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокими ишдан олинган, Урганч туманида ҳоким алмашган, Андижон вилоятида эса Олтинкўл тумани ҳокими ишдан кетгани маълум бўлди.

Мавзу
Пахта-2018
Ўзбекистонда 2018 йилги пахта терими мавсуми бўлиб ўтмоқда
Барчаси
Top