Ўзбекистон | 21:10 / 21.10.2018
54983
3 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдонлардан бири сифатида эътироф этилди

АЭС қурилишига рамзий старт берилган Жиззах вилоятидаги ҳудуд ҳам салоҳиятли майдонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишини бошлаб беришга бағишланган тантанали маросим ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Тадбир бўлғуси атом электр станциясини қуриш учун майдон танлашда муҳандислик тадқиқотларининг бошланишини белгилаб берди. Қурилиш лойиҳаси ССЭР-1200 русумдаги реакторлар билан жиҳозланган иккита энергоблокнинг қурилишини ўз ичига олади. Мазкур энергоблоклар 3+ авлодига тегишли бўлиб, замонавий технологияларнинг ишончлилигини сезиларли даражада оширган ҳолда, АЭХАнинг замонавий хавфсизлик талабларига тўла жавоб беради. 

Маҳаллий аҳоли вакили, жиззахлик нафақахўр, оқсоқол Эркин Казаков АЭС қурилишига доир фикрлари билан бўлишди. 

"Атом электр станциясининг қурилиши Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантиришга жуда катта ҳисса қўшади. У  энергетика тизимидаги кўп муаммоларни ҳал қилади, бу эса халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошади, деганидир. Шунингдек, у жуда кўплаб кишиларни янги иш ўринлари билан таъминлайди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия давлат раҳбари Владимир Путиннинг АЭС қурилиши лойиҳасига старт бергани биз учун катта қувонч бўлди. Бош вазир ўринбосари Алишер Султонов ва "Росатом" корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв қурилишга доир ахборот беришди ва шу ерда рамзий старт бериш маросими ўтди. Албатта, бунинг бари давлатимизнинг ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида хизмат қилади", - дейди оқсоқол.

Эркин ота маҳаллий аҳоли сифатида бу қурилишга қандай қараши, АЭС хавфсизлигидан хавотир олаётгани ёки йўқлиги ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

"Маҳаллий аҳоли сифатида бунга жуда ижобий қарайман, одамлар буни қувонч билан қабул қилишди. Ушбу АЭС энг замонавий технологияларда ишлаши унинг хавфсизлигидан хавотир олмасликка сабаб бўла олади. Барчамиз "Росатом"нинг атом электр станциялари жаҳонда етакчи эканини яхши биламиз. Бу АЭС бизни юз йиллаб хизмат қилувчи узлуксиз, барқарор ва ҳамёнбоп электр энергияси билан таъминлайди", - дейди жиззахлик отахон.

Бундан аввал Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги атом электр станцияси қурилиши учун Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл сув омбори яқинидаги ҳудуд салоҳиятли майдон экани ҳақида хабар берилган эди.

Таъкидлаш жоизки, АЭС қурилишига рамзий старт берилган Жиззах вилоятидаги ҳудуд ҳам салоҳиятли майдонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Мавзуга оид