Жамият | 19:31 / 02.11.2018
49589
2 дақиқада ўқилади

Яна 3 киши ис гази туфайли вафот этди

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида бахтсиз воқеа туфайли уч киши ҳаётдан кўз юмди. Дастлабки маълумотга кўра, улар ис газидан заҳарланишган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Kun.uz​ суриштирувига кўра, вафот этганларнинг барчаси мавсумий иш билан шуғулланувчи уста бўлиб, табиий газдан фойдаланишдаги эҳтиётсизлиги туфайли ис газидан заҳарланишган. Бу воқеа 1 ноябрь куни юз бергани айтилмоқда. Бош прокуратура Матбуот хизмати ушбу ҳодисани тасдиқлаб, ҳолат юзасидан расмий ахборот тақдим этилишини баён қилди.

Kun.uz​ мухбири суҳбатлашган манбага кўра, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши, шаҳарда иситиш тизиминг самарали таъминланмагани ушбу ҳолатларни келиб чиқишга сабаб бўлмоқда. Хусусан, аҳоли табиий газдан уйни иситиш воситаси сифатида фойдаланишга мажбур бўляпти.

Эслатиб ўтамиз, бундан икки кун аввал Чилонзор тумани Дилхуш кўчасида истиқомат қилувчи оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Судга оид тиббиёт экспертизасининг 31 октябрдаги хулосасига кўра, А.А., Э.А., И.А. ва Ф.А.ларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш, бош мия ва ўпкалар шиши натижасида келиб чиққан.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратурасида тузилган тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда. Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари устидан тегишли назорат ўрнатилган. 

Вазиятни чуқур ўрганиш мақсадида шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Мазкур комиссияга Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилик қилади. Қайд этилишича, мос равишда вилоят ва туманларда ҳам намунавий кўринишда комиссиялар тузилади.

Мавзуга оид