Жаҳон | 16:01 / 10.11.2018
11756
2 дақиқада ўқилади

АҚШда президент маъмурияти устидан судга ариза топширилди

Фото: REUTERS / Win McNamee/Pool

АҚШда Америка фуқаро эркинликларини ҳимоя қилиш иттифоқи (ACLU) президент Дональд Трамп маъмурияти устидан судга ариза топширди. Президент Трампнинг Америка чегарасини ноқонуний кесиб ўтган фуқароларга бошпана бермаслик бўйича қарори бунга сабаб бўлган. Бу ҳақда ACLU томонидан Калифорния штати Шимолий округига топширилган аризада таъкидланади, деб хабар қилмоқда ТАСС. 

ACLU ноқонуний муҳожирларнинг бир қисмига бошпана бериш бўйича сўровларга рад жавоби бериш амалиётини ноқонуний деб ҳисобламоқда. АҚШ маъмурияти эса, бу билан иммиграция қонунчилигини бузмоқда. «На президент, на унинг маъмурияти аъзолари қонунда аниқ белгиланган меъёрларни қайта талқин қила олишмайди. Бироқ улар айнан шундай қилишга уринишмоқда», - дейилади муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ACLU директори Умар Жадват. 

«Бу қарор қонун устунлигига путур етказади ҳамда ўз мамлакатларида қувғинга учраган шахсларнинг ҳимояланиш имкониятидан маҳрум қилишга уринишга ўхшайди», - дея таъкидланади судга берилган аризада. 

Маълумки, президент Трамп АҚШ адлия вазирлиги ва ички хавфсизлик вазирлигига бошпана сўраб мурожаат қилган ноқонуний муҳожирларга рад жавобини бериш бўйича кўрсатма берувчи фармонни имзолаган эди. АҚШ маъмуриятига кўра, бундай чорага қўл уришдан мақсад, муҳожирлар фақат мамлакатга кираверишда белгиланган махсус пунктларда турган ҳолда бошпана сўрашларига эришишдир. Ҳукумат, шунингдек, доимий равишда йирик ҳажмда асоссиз бошпана сўраб қилинган мурожаатларга дуч келинаётганини таъкидлайди. 

Мавзуга оид