Жамият | 21:29 / 10.11.2018
23594
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда ис газидан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг икки аъзоси вафот этди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, “Каттакўрпа” МФЙ, Каттакўрпа қишлоғида яшовчи Азизжон Эшмуродов ва унинг турмуш ўртоғи Маҳлиё Эшмуродова (Халилова) жорий йилнинг 7 ноябрь куни ис газидан заҳарланиб вафот этган. KUN.UZ воқеага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан боғланди.

Маълумотларга кўра, 7 ноябрь куни, соат 19:00ларда Самарқанд вилояти ИИБ навбатчилик қисмидан вилоят ФВБга чақирув келиб тушган. Каттақўрғон тумани, “Каттакўрпа”  МФЙ, Каттакўрпа қишлоғида яшаган фуқаро Азизжон Эшмуродовга тегишли хонадоннинг ётоқхонасида ўрнатилган ностандарт газ иситиш печида ушбу ётоқхонанинг ёнида жойлашган ошхонадаги 50 литр ҳажмли маиший газ баллонидан деворни тешиш йўли билан резина шланг орқали иситиш печига улаб фойдаланилгани аниқланган.

“Иситиш печининг тутун чиқиш мўриси қўлбола усулда ясалган, очиш ёки ёпиш мақсадида ўрнатилган 10х15 см ҳажмли темир тунукасининг (заслонка)си ёпиқ ҳолатда қолдирилган. Шунингдек, иситиш печида ёнган газнинг тутуни мўрикондан чиқмасдан, хонада тўпланиши оқибатида Эшмуродов Азизжон Шуҳратович ва турмуш ўртоғи Эшмуродова (Ҳалилова) Маҳлиё Даминжон қизи воқеа жойида вафот этган”, дейилади ФВБ тақдим этган маълумотда.

Куз-қиш мавсуми бошланиши билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ис газидан заҳарланиш ва бунинг оқибатида жабрланган, айрим ҳолларда, ҳалок бўлганлар сони ортади. Соҳа вакиллари буни газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш деб талқин этишса, аҳоли уйини иситиш масаласида иложсизликда қолишаётганини айтади.

Жумладан, жорий йилнинг 18 октябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани икки фуқаро (эр-хотин), 28 октябрь куни Фарғона вилояти Риштон туманида ҳам икки киши, 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида бахтсиз воқеа туфайли уч киши ҳаётдан кўз юмган эди.

Расмий маълумотларга кўра, газ асбоб-ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ҳамда чақнаш ва ёнғин натижасида жорий йилнинг 9 ярим ойи давомида Самарқанд вилоятида 12 нафар, Сурхондарё вилоятида 7 нафар, Тошкент вилоятида 6 нафар фуқаро вафот этган. Жумладан, 2018 йилнинг 9 ойи давомида содир бўлган бахтсиз ҳодисаларга кўра, газ ва ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнашлар 28 маротаба, маиший газ баллонлари носозлиги сабаб 11 маротаба ис гази содир бўлиши натижасида 30 киши заҳарланган.

Мавзуга оид