Жаҳон | 09:46 / 13.11.2018
3790
2 дақиқада ўқилади

Калифорниядаги ёнғинлар қурбонлари сони 42 нафарга етди

Фото: REUTERS / Mario Anzuoni

Калифорнияда бир неча кундан бери давом этаётган ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 42 нафарга етди. Бу ҳақда Бьютт округи шерифи Кори Хонеа маълум қилди.

“Бугун яна 13 жасад топилди. Улардан 10 таси Парадайс шаҳрида, 3 таси Конкоуда топилган”, деб маълум қилган Хонеа. 

Шерифнинг айтишича, Camp Fire деб номланган ушбу ёнғин АҚШ тарихидаги энг қирғинбарот табиий ёнғин бўлди.

Ёнғинлар Калифорния штати шимолида 8 ноябрда бошланган ва штат тарихидаги энг вайронкори бўлди. Олов деярли 45 минг гектар майдонни эгаллаб олган ва 7 мингга яқин иншоотнинг кулини кўкка совурган. Калифорния жанубида яна иккита ёнғин авж олмоқда: Woolsey деб аталган ёнғин 33 минг гектар, Hill эса 1,8 минг гектар майдонни қамраб олган. 

Калифорниядаги ёнғинлар сабабли умумий ҳолда 300 мингдан кўпроқ одам, жумладан Лос-Анжелес округидан 170 минг одам эвакуация қилинди.  

АҚШ президенти Дональд Трамп 12 ноябрда Калифорния штатида йирик табиий офат тартибини эълон қилди.  

Бунгача Калифорния тарихида энг вайронкор ёнғин Tubbs ҳисобланган. У 2017 йил октябрида содир бўлиб, 15 минг гектар майдонни эгаллаган ва 5,5 мингдан кўпроқ иншоотни йўқ қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид