Жаҳон | 21:09 / 16.11.2018
9267
3 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги авиаҳалокат қурбонларидан бирининг оиласи Boeing’ни судга берди

Фото: Интерфакс

Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737 Max 8 самолётининг Ява ороли яқинида ҳалокатга учраши вақтида ҳаётдан кўз юмган шифокор Рио Нанда Пратаманинг ота-онаси Boeing компаниясини судга берди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар қилди

Boeing’га қарши даъво аризаси 15 ноябрда Иллинойс штати судида рўйхатга олинган. Арзчиларнинг таъкидлашича, компания ҳалокатга учраган самолёт моделининг автопилотига киритилган ўзгаришлар ҳақида аниқ маълумотларни тақдим қилмаган, бу эса фожиага сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Boeing компанияси Lion Air ва унинг учувчиларини автопилот тизимига киритилган ўзгаришлар оқибатида самолёт нохавфсиз ҳолатга тушишидан огоҳлантирмаган”, дейилган аризада.

Таъкидланишича, Пратаманинг 11 ноябрда никоҳ тўйи бўлиши керак бўлган. У шу муносабат билан Жакартадаги анжумандан Пангкал-Пинанг шаҳридаги уйига қайтаётган бўлган. 

Аввалроқ Lion Air’нинг бошқарувчиларидан бири Boеing’ни ушбу моделга йўриқномада самолёт муайян ҳолатларда автоматик тарзда тумшуғи билан пастга шўнғиши ҳақида маълумот бермаганликда айблаган. “Бизда Boeing 737 Max 8 йўриқномасида бу ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган, шу сабабли учувчиларимиз бундай вазиятга тайёр бўлмаганлар”, деб айтган авиакомпания вакили.

Самолёт 29 октябрда Ява ороли яқинида қулаган. Самолёт бортида 189 киши бўлган. Самолёт билан алоқа Жакарта аэропортидан ҳавога кўтарилгандан 13 дақиқа ўтиб йўқолган. Шундан кейин самолёт денгизга қулаб, чўкиб кетган.

Аввалроқ Рио Нанда Пратама билан боғлиқ бир воқеа ҳақида сўзланганди. Унга кўра, йигитнинг 11 ноябрда 13 йилдан бери таниш бўлган ва кўнгил қўйган ёри билан никоҳ тўйи бўлиши керак эди. Бироқ бу тўй йигитга насиб этмади. Рионинг қаллиғи унинг сўнгги “истагини” бажо келтириб, ёлғиз ҳолда тўй фотосессиясини уюштиришга қарор қилган. Қиз ушбу фотосессиядан суратларни инстаграмдаги саҳифасида тўй бўлиши керак бўлган кун – 11 ноябрда жойлаштирганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид