Жаҳон | 11:33 / 21.11.2018
38387
3 дақиқада ўқилади

Сурияда хизмат қилган россиялик генерал судга тортилади

Фото: РИА Новости

Суриядаги можарода иштирок этаётган томонларни ярашиш бўйича Россия маркази собиқ раҳбари, генерал-лейтенант Сергей Чварков олти миллион рублни талон-тарож қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Бу ҳолат Россия Бош штаби Ҳарбий академияси ва «Россия асосий ахборот технологиялари» (РосААТ) илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ўртасида тузилган давлат шартномасини бажариш пайтида юз берган. Нашр манбасининг айтишича, гап 400 миллион рубль миқдорида махсус техник хизматларни кўрсатиш бўйича ёпиқ келишув ҳақида кетмоқда. Ҳарбий академия бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллаб турган Чварков илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига шартнома устида ишлаш учун қатор ходимларни жўнатган. Уч йил мобайнида РосААТ уларга иш ҳақи сифатида олти миллион рубль тўлаган, бироқ, тергов фикрича, ишчилар аслида «ўлик жонлар» бўлган ҳамда бу пулларнинг ҳаммаси Чварковнинг чўнтагига тушган.

Генерал ҳимоясининг билдиришича, унинг талон-тарожликларга алоқадор эканига оид ҳеч қандай бевосита далиллар йўқ, тергов эса фақат «бир неча гувоҳларнинг ноаниқ кўрсатмаларига» асосланган. Адвокат тасдиқлашича, Чварков академиянинг давлат шартномалари масалалари бўйича тижорат тузилмалари билан муносабатларига масъул бўлган, аммо уларнинг молиявий жиҳатига боғлиқ эмасди.

2018 йилнинг апрелида шахси аниқланмаган номаълум кишиларга нисбатан катта миқёсдаги фирибгарлик ҳолати бўйича жиноий иш очилган. Аввалроқ генерал-лейтенант Чварков унда гувоҳ сифатида қатнашган. Кеча унга айблов қўйилди, у ишдаги биринчи гумонланувчига айланди. Чварков уй қамоғида бўлиб турибди, унга эрталаб ва кечқурун кунига уч соатдан сайр қилишга рухсат берилган.

Чварков 2016 йил май ойидан октябрь ойига қадар Суриядаги можарода қатнашаётган томонларни яраштириш бўйича Марказни бошқарган. У гуманитар конвойларнинг ўтишини таъминлаган ҳамда мухолифат билан музокаралар олиб борган. Сурия кампаниясида қатнашгани учун Чварков «Ҳарбий хизматлари учун» ордени, идора медали ва генерал-лейтенант унвонини олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид