Ўзбекистон | 14:21 / 26.11.2018
5865
3 дақиқада ўқилади

ХМТ: Ўзбекистон болалар ва мажбурий меҳнатни олдини олишда улкан ютуқларга эришди

Ўзбекистон пахта далаларида ҳосилни йиғиб териб олишда мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатлари кескин равишда камайган. Болалар меҳнати борасида эса, олдинги йилларда бўлганидек, хавотирга ўрин қолмаган. Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон далаларида фаолият юритган кузатувчилари шундай фикрда, деб хабар бермоқда KUN.UZ мухбири. Бу ҳақда 21 ноябрь куни Wyndham меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда маълум қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) мониторларининг айтишларича, Ўзбекистоннинг аксар пахта далаларида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилган. 2018 йилда пахта теримига жалб этилганларнинг 93 фоизи ихтиёрий равишда пахта терган. Талаба, ўқитувчи, врач ва ҳамширалар пахтага мутлақо жалб этилмаган. Шунга қарамай, кузатувчиларнинг қайд этишларича, айрим ҳолатларда давлат ташкилот ва идоралари ходимлари пахтага чиқарилиб, теримда иштирок этганлиги кузатилган.

Ўтган йилларда пахта теримида катта муаммо деб эътироф қилинган болалар меҳнатига эса буткул барҳам берилган.

«2018 йил Ўзбекистон учун кўпгина йўналишларда синов бўлди, – дейди ХМТнинг Иш жойларида фундаментал тамойиллар ва ҳуқуқлар бюроси бошлиғи Беате Андреес. Бир йил олдин Президент Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, ҳукумат ХМТ ва Жаҳон банки билан биргаликда пахта теримида болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақида мажбурият олишини таъкидлаб ўтган эди. Ушбу сиёсий мажбуриятни рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор тузилмавий ўзгаришлар рўй берди ва ишчи кучи ёллаш борасида ислоҳотлар амалга оширилди. ХМТ кузатувчилари ушбу чора-тадбирлар ўз самарасини берганини ва одамлар жойларда буни ҳақиқатда ҳис этаётганини таъкидладилар».

Ўзбекистонда одамларни пахта теримига жалб этиш – дунёдаги энг йирик ишга ёллаш амалиёти бўлиб, унда қарийб 2,6 миллион киши мавсумий терим ишларига жалб этилади. Гарчи сўнгги йиларда пахта экин майдонлари қисқартирилган бўлса-да, ушбу экин ҳамон маҳаллий аҳоли, айниқса қишлоқ аёллари учун қўшимча даромад манбаи бўлиб қолмоқда. 

Мавзуга оид