Жаҳон | 10:49 / 30.11.2018
11300
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенати Россиянинг Керч бўғозидаги ҳаракатларини бир овоздан қоралади

Фото: EPA-EFE/JIM LO SCALZO

АҚШда сенат Россия томонининг Керч бўғозидаги хатти-ҳаракатларини қораловчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақда The Hill ёзмоқда.

Унинг муаллифларидан бири, республикачи сенатор Рон Жонсоннинг сўзларига кўра, шу тариқа мамлакат сенати Украина томонини қўллаб-қувватламоқда.

«Биз Россиянинг барча ҳарбий ҳаракатларини қатъий қоралаймиз. Улар халқаро қоидаларни бир томонлама равишда қайта ёзишга қаратилгандир», - дея маълум қилди Крис Мёрфи.

Аниқлик киритилишича, ҳужжат бир овоздан қабул қилинган. Шу билан бирга, резолюция декларатив хусусиятга эга.

25 ноябрь куни ФХХ Украинанинг учта ҳарбий кемаси Россия ҳудудий сувларига киргани ҳақида хабар қилди. Кемалар Одессадан Мариуполга йўл олаётган бўлган, лекин уларни Керч бўғозидан ўтказишмади. Украина томонининг билдиришича, аввал Россия кемалар келиши ҳақида хабардор этилган, ФХХ бунинг аксини иддао қилмоқда.

Шу куниёқ Украина ҳарбий-денгиз кучлари Россия катерлари мамлакат кемалари гуруҳи Керч бўғозидан чиқиб кетаётганида унга қарата ўт очганини маълум қилди. Россия чегарачиларининг бундай хатти-ҳаракати туфайли олти нафар денгизчи яраланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль Трампнинг Путин билан учрашувни бекор қилиш ҳақидаги қарорига муносабат билдирганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид