Жаҳон | 12:17 / 11.12.2018
8139
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг гастрономик туризмдан даромади 5 млрд долларни ташкил этади

Фото: Анадолу

Туркия - гастрономик туризм бўйича катта салоҳиятга эга бўлган оз сонли мамлакатлардан бири, деди ушбу давлат маданият ва туризм вазири Маҳмуд Нури Эрсой «Анадолу» агентлигига.

Вазирнинг эслатишича, Ғазиантеп ва Хатай турк провинциялари ЮНEСКОнинг ижодий шаҳарлар Тармоғига киритилган.

«2018 йил якунлари бўйича Туркиянинг меҳмонхона сектори даромадлари 10 миллиардни ташкил этади, гастрономик туризмдан эса 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу рақамлар гастрономик туризм салоҳиятини очиш ва кенгайтириш кераклигини кўрсатади. Гарчи Туркия гастрономия ва миллий таомлар жиҳатидан рақобатчиларни ортда қолдирса ҳам, афсуски, бу рақамларда акс этмаяпти», - деди Эрсой.

Вазирнинг сўзларига кўра, турк ошхонаси бутун дунё бўйлаб машҳур бўлиб, минтақага қараб мамлакат бўйлаб ўзгариб боради, бу жуда муҳимдир.

«Туркиянинг ҳар бир минтақаси миллий таомларни тайёрлашда ўзига хос хусусиятлар ва қадимги анъаналарга эга. Туркия дунёда ўз ошхонасини тарғиб қилиш ва шу билан бирга, гастрономик туризмдан даромад олиш учун ҳаракат қилмоқда. Туркия Туризм ва маданият вазирлиги бу йўналишда жиддий иш олиб боряпти», - дея қайд этиб ўтди Эрсой.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2019 йилда вазирликнинг саъй-ҳаракатлари Туркияда гастрономик туризмни ривожлантиришга йўналтирилади.

«Келгуси йилнинг март ойидан бошлаб хорижда гастрономик кўргазмалар ташкил этилади. Кўргазмалар Японияда бўлиб ўтади: Токио ва Киото. Лондон, Берлин ва Москвадаги кўргазмалар 2020 йилга мўлжалланган», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид