Жаҳон | 19:29 / 23.12.2018
16108
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги цунами қурбонлари сони 222 кишига етди

Индонезияда 22 декабрь кечки вақт юз берган цунами қурбонлари сони 222 кишига етди. 

Шунингдек, 840 киши жароҳат олган, 28 киши бедарак йўқолган.

Фото: EPA-EFE

Таъкидланишича, бу рақамлар якуний эмас, қутқарувчилар барча жабр кўрган аҳоли пунктларигача ҳали етиб боришмаган.

Цунамидан Ява денгизини Ҳинд океани билан боғловчи ва Ява ҳамда Суматра ороллари ўртасида жойлашган Зонд бўғози яқинидаги ҳудудлар, жумладан Бантен вилоятидаги (Ява ороли) Пандегланг округи кўпроқ жабр кўрган. Бу ерда Уджунг-Кулон миллий боғи ва оммавий пляжлар жойлашган. 

Фото: AFP

Мутахассислар цунамига Анак Кракатау вулқони отилгани сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда. Бу вулқон 1883 йилда фалокатли отилиш оқибатида вайрон бўлган Кракатау вулқони ўрнида ҳосил бўлган. Вулқон қисман сув остида жойлашгани сабабли унинг отилиши тўлқинлар ҳосил бўлишига олиб келади. Цунами кучига шунингдек тўлиной таъсир қилиши мумкин: бундай вақтда сувнинг кўтарилиши энг кучли бўлади.

Хорижий ОАВлардан бирининг маълум қилишича, аҳоли яқинлашаётган тўлқиндан огоҳлантирилмаган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, воқеа юз берган кеча вулқоннинг айтарли фаоллашгани кузатилмаган, у ҳаттоки кўринмаган.  Бироқ кейин соҳилга тўлқин урилган, биринчи тўлқин кучли бўлмаган, бироқ кейингиси машиналарни ювиб кетиб, биноларни вайрон қилган.

Индонезия раҳбарияти аҳолини такрорий цунами юз беришидан огоҳлантирди. Панделанг, Серанг ва Жанубий Лампунг округлари аҳолисига Зонд бўғози соҳилбўйи ҳудудларига бормаслик тавсия қилинган.

“Кракатау вулқони отилишда давом этмоқда, бу такрорий цунамига олиб келиши мумкин”, деб айтган Индонезиянинг фавқулодда вазиятларга қарши курашиш давлат кенгаши раиси Сутопо Пурво Нугрохо.

Фото: EPA-EFE
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: Flickr
Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид