12:30 / 29.01.2019
60460

Эски тизим абсурдлари. Ўзбекистонга 2019 йилда қандай ислоҳотлар керак?

Kun.uz мухбири Шокир Шариповнинг Иқтисодий юксалишга кўмаклашиш маркази (CED) директори Юлий Юсупов билан суҳбатининг тўртинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

I қисм. Ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг сабаби нимада?

II қисм. Муаммоларни тан олиш — ривожланиш сари қадам

III қисм. Ислоҳотлар импорти. Ўзбекистон Грузия тажрибасини ўзлаштириши керакми?

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Шокир Шарипов: — 2018 йилдан нималарни кутган эдингиз?

Юлий Юсупов: — Назаримда, 2017 йилда бизда муҳим ўзгаришлар юз берди. Аввало, валюта бозори эркинлаштирилди. Ўшанда тушунарли бўлдики, ислоҳотлар ўтказилиши муқаррар. Нега? Чунки, бунгача мавжуд бўлган валюта режими — эски режимнинг стержени эди. У режимни маҳкам ушлаб турарди. Қолган барча институтлар ва қоидалар конвертация режимига боғлиқ эди. Ана шу стерженни чиқариб ташлаганимиз, конвертация режимини ўзгартириб, эркин бозор жорий этганимиздан сўнг эски тизимнинг ғиштлари битталаб титила бошлади. Ҳокимият буни истадими йўқми, у ислоҳот ўтказишга мажбур бўлди.

Шунинг учун мен 2018 йилда ислоҳотлар давом эттирилишини кутган эдим. Аввало, солиқ ислоҳотидан катта умид қилаётган эдим. Эслайман, 2018 йилдаги мақолаларимдан бири «2018 йил солиқ ислоҳотлари йили бўлиши керак», деб номланган эди. Мен шунингдек, маъмурий ислоҳотларни ҳам кутган эдим. Боз устига, 2018 йил бошида маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинган эди. Жузъий ўзгаришларга муҳтож аграр ислоҳотлар ўтказилишидан ҳам умидвор эдим. Чунки аграр сектор бизда энг кўп тартибга солинадиган соҳа. У ерда бозор муносабатлари сув ва ҳаводек зарур.

Мен 2017 йилда бошланган банк ислоҳотига ҳам умид боғлаган эдим. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида кейинги ислоҳотларга.

Агар сиз мен кутган нарсалардан қай бири амалга ошди, деб сўрасангиз, аввало, солиқ ислоҳоти дердим, чунки солиқ ислоҳоти концепцияси қабул қилинди. У анчалик қатъий ва кескин. Бизнинг концепциямиз маълум бир даражада грузинлар амалга оширган ишни такрорламоқда. Агар менга йил бошида бу концепцияни кўрсатишганида мен қаттиқ таажжубга тушган бўлар эдим, мен ҳукуматимиздан бунақасини кутмагандим, очиғи, анча ёмонроқ бўлса керак, деб ўйлагандим. Лекин анчайин инқилобий концепция ишлаб чиқилди. Лекин қабул қилингани — бирмунча ёмонлашган вариант. Дастлабки версия анча инқилобий бўлгани учун кейингисидан бироз ҳафсалам пир бўлди.

Концепцияни қабул қилиш бошқа иш, ҳали уни амалга ошириш ҳам керак. Умуман, асосий нарсалар январдан бошлаб амалиётга татбиқ этилди. Лекин концепцияда 1 декабрда Солиқ кодексининг янги варианти тақдим этилади, деб ёзилган, бу содир бўлмади. Уни баҳоргача кечиктиришди. Энди мавжуд Солиқ кодексига айрим ўзгартиришлар киритилмоқда. Ва бу ҳол солиқ ислоҳотининг ижобий натижаларини чеклайди. Яъни, бажарилиши керак бўлган ишларнинг ҳаммаси ҳам бажарилмади. Гарчи, концепциянинг ўзи яхши маънода кескин характерга эга бўлса-да.

Банк сектори ислоҳоти бўйича ҳам кўп ишлар амалга оширилди. Тадбиркор сифатида мен консалтинг хизматини кўрсатаман. Банкларимиз билан ишлай туриб қандай муаммоларга дуч келганимни эслайман, буни ҳар қандай ишбилармон ҳам ҳикоя қилиб бера олади — бу қандайдир ақл бовар қилмас ҳол эди. Банкка бориб доимо асабийлашиб чиқардингиз. Боз устига, сон-саноқсиз бемаъни чеклов, тақиқларнинг барчаси Марказий банк томонидан ўрнатилган эди. Ҳозир улкан ўзгаришлар содир бўлди, улар сиртдан ҳам, банкдаги иш билан тўқнаш келганингизда ичкаридан ҳам яққол намоён бўлмоқда. Мен ҳозирги ва бундан беш йил аввалги ҳолатни таққослаяпман. Фарқи — ер билан осмонча. Яъни, банк секторида ислоҳотлар бормоқда, гарчи ҳали у ерда қилинадиган ишлар жуда кўп бўлса-да.

2017 йилда бошланган ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш ҳам секин-аста илгариламоқда ва бу ерда ҳам катта муваффақиятларга эришилган. Айниқса, экспортни эркинлаштириш қисмида. Импорт бўйича, таассуфки, силжиш жуда кам. Менга чегарадан автомобиль транспорти воситасида юк олиб кириш нақадар қийинлигини гапириб беришди. Бу даҳшат! У ерда улкан, боз устига, сунъий яратилган навбатлар, пул таъма қилишлар рўй бермоқда. Яъни, бу ерда муаммолар ҳали жуда кўп.

Йилнинг умидни пучга чиқарган икки ҳодисаси — бу кутилган, лекин амалга оширилмаган ишлар бўлди. Бу маъмурий ва аграр ислоҳотлар. Бу соҳаларда, афсуски, ҳеч қандай силжиш кўзга ташланмади.

— Қишлоқ хўжалигини ривожлантириб, фаровон яшаётган айрим мамлакатлар тажрибаси маълум. Нега уни ўзлаштирмаяпмиз?

— Бунинг учун ислоҳотлар ўтказиш керак. Бизда қишлоқ хўжалигининг асосий муаммолари тухумдан тортиб пахтагача, барчаси давлатга топширилган социалистик ўтмиш — давлат буюртмаси тизими билан боғлиқ. Колхоз ва совхозлар давлатга маҳсулот етказиб бериши керак бўлган. Биз 90-йиллар бошида бу тизимдан узоқлаша бошладик. Кўпгина маҳсулотларга давлат буюртмасини бекор қилдик. Лекин 1996 йилда жадал саноатлаштириш йўлини танладик. Ўша йили конвертацияни бекор қилдик. Ҳукуматга инвестицияларга йўналтириш, саноатни ривожлантириш учун маблағ керак эди. Оқибатда энг жабр кўрган соҳа қишлоқ хўжалиги бўлди. Ресурслар зарур, уларнинг бош манбаси эса қишлоқ хўжалиги бўлган ва таланган 1930-йиллардаги сталинча саноатлаштириш давридагидек, бу ерда ҳам шунга ўхшаш ҳодиса юз берди. Пахтага давлат буюртмаси бор эди, энди ғаллага ҳам киритилди, боз устига, режа бажарилиши талаб этила бошланди. Колхозлар ўрнига ширкатлар тузилди. Моҳият ўзгармади. Кейин ширкатлар тарқатилиб, фермерлар пайдо булди. Нега энди фермерлар? Нега Хитойдагидек кўпчиликка кам-камдан эмас, бир гуруҳ кишиларга? Чунки бу ҳолда бошқарув осон, арзон пахтани қўлга киритиш мумкин, уни хорижга сотиш, олинган валютани саноатлаштириш мақсадларига сарфлаш мумкин. Биз ҳозир айнан ўша сиёсат тутқунлари бўлиб турибмиз.

— Бу ҳам СССРдан меросми?

— Бу энди СССР эмас, биз ўзимиз ўйлаб топган нарса …

— Лекин ўша-ўша стереотиплар.

— Лекин у нимагадир биздаги бошларни тарк этмаяпти. Бошқа мамлакатлар ундан воз кечиб бўлишган. Ҳозир нимага эгамиз? Бизда ернинг катта қисми фермер хўжаликларига тегишли. Улар пахта ва ғалла бўйича давлат буюртмасини бажариши керак. Давлат бу фермерларни доимо зўриқиш остида, «агар режани бажара олмасанг ерингни тортиб оламиз», деган таҳдид остида ушлаб туради. Бу ердан иккинчи муаммо келиб чиқади — мулк ҳуқуқининг ҳимояланмаганлиги. Фермерларимиз ўзларини ўша ернинг эгаси сифатида ҳис қилишмайди. Чунки исталган онда уларнинг ерини тортиб олишлари мумкин.

Бу ернинг унумдорлигида жуда ёмон акс этади, фермерлар ерга инвестиция киритмайди, чунки улар ўзларини эга сифатида ҳис этишмайди. Шунинг учун ислоҳотларнинг бош стержени — давлат буюртмасидан воз кечиш. Соҳани бозор муносабатларига ўтказиш керак. Шундагина ҳокимларда фермерларни қийнашга, уларга ерни тортиб олиш билан таҳдид қилишга рағбат тугайди.

— Сиз кўп муаммоларни хабардор бўлмасликка боғламаяпсизми? Қишлоқдагиларнинг муаммосидан гўёки ҳеч ким хабардор эмас. Назаримда, пастдан юқорига жўнатилаётган ҳисоботлар вазиятни умуман акс эттирмайди.

— Биласизми, хабардор бўлмаслик муаммоси борлиги тайин. Албатта, юқоридагилар бехабар жуда кўп муаммолар бор. Асосий муаммоларни юқоридагилар билишади. Лекин асосий масала бехабарликда эмас, хабардор бўлишни истамасликда. Қизиқишмаган ҳам. Менинг ўзим кўплаб ҳужжатлар ёзганман, нафақат мен, бошқа кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзим бир ҳужжат тайёрлашда қатнашганман ва олдимизга шундай масала қўйилган: ҳукумат давлат буюртмасини бекор қилмайди! Биз, келинглар, унда давлат буюртмасини такомиллаштириш механизмини ўйлаб топайлик, токи ҳукумат манфаатларига ҳам зид бўлмасин, фермерлар ҳолатини ҳам яхшиласин, дея таклиф бердик. Нималар деяпман-а? Жорий тизим доирасида ер фақат пахта ва ғалла етиштириш учун ажратилади, тамом! Сиз эса режани бажаришингиз керак.

Режани-ку бажарасиз, лекин ерни квоталаш нима учун? Фермер бу ерларда нима етиштираётганининг давлатга қандай фарқи бор? Балким пахта етиштириш ва режани бажариш учун экин майдонларининг учдан бирига чигит қадаш етарлидир. Қолган ерда у ўзи учун даромад келтирадиган бошқа нарса экар. Айрим жойларда пахта етиштириш мутлақо бефойда. Фермер бу ерларда бошқа нарса эксин. Олинган даромаддан ери пахта экишга мос фермердан пахта сотиб олсин.

Бир қараганда, оддий нарса. Давлат ҳеч нарса йўқотаётгани йўқ. Биз кўпроқ маҳсулот оламиз, ҳамма ютади. Ҳаттоки шу таклифлар ҳам юқорида ҳеч қандай реакция уйғотмади. Улар ҳеч нарсани ўзгартиришни исташмади.

Биз мулоқот қилган ақлли-ҳушли мансабдорлар ҳам «биз ҳеч нарса қила олмаймиз», деб елка қисишган эди.

— Қишлоқларда абгор манзара ҳукмрон — қишлоқ аҳолиси фермерлардан ижарага олинган ерларда кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришади, маҳсулот пишиб етилганида кўпинча у сотилмасдан чириб кетади.

— Бу ёмон ўйин қоидаларининг бир мисоли. Бозор иқтисодиётида фермерлар ўз маҳсулоти реализацияси билан шуғулланмайди. Улар ҳосилни йиғиб олишади, юк машиналари даланинг бошидан маҳсулотни ташиб олиб кетишади. Бозор иқтисодиётида кооперация тизими мавжуд. Воситачилик қилувчи фирмалар бўлади. Бизда эса воситачини таҳқирловчи қоидалар бор эди. Деҳқонлардан нок ва олмани давлат харид қилмаслиги керак. Бу ишни хусусий тижорий тизимлар амалга ошириши керак. Лекин солиқ тизими ва имтиёзлар тизими воситачини номувофиқ шароитга тушириб қўйди. Фермер ўз маҳсулоти реализацияси билан шуғулланиши шарт эди. Бу — абсурд. Ҳар ким ўз ишини қилиши керак. Давлатнинг ўзи бу юмушни бажармоқчи бўлди. Бу ерда самарадорлиги чандон юқори бўлган хусусий секторни ривожлантириш ўрнига, аллақандай компаниялар тузила бошланди, камига улар давлат компанияси бўлибгина қолмасдан, нархларни ҳам давлат тартибга солади. Шу сабабли компания деҳқонлардан гилосни арзонроққа харид қила олмайди. Шу вақт айтайлик, жаҳонда гилос нархи тушиб кетди. Тамом! Компания гилосни харид ҳам қила олмайди, хорижга сота олмайди ҳам. Натижада, гилос сотилмайди. Бу ерда давлат гўёки деҳқонларнинг дардига қулоқ солгандек бўлаяпти, аммо уларни ўз стереотиплари орқали эшитмоқда.

Давлат бу ишлар билан шуғулланмаслиги керак. Давлатни жуда кўп соҳалардан чиқариш керак. Бозор иқтисодиётида давлатнинг маълум бир функциялари бор. Айрим ўзига хос функциялар борки, у ўша ердагина фаол бўлмоғи керак. Лекин кўплаб секторларда, хусусан қишлоқ хўжалигида давлатнинг иштироки чекланиши керак. Бу ерда давлат нима билан машғул бўлиши керак? У фан билан шуғулланиши керак. Фермерларга янги уруғликлар, чорвадорлик учун вакциналар масаласида ёрдам бериши керак. Молиявий секторни ривожлантириши керак, токи фермерлар арзон кредитлар ололсин. Улар ўз ерини гаров сифатида тика олсин, ҳозир бундай қила олишмайди. Мана, давлат нима ишлар қилиши керак, гилос сотишнинг ўрнига.

— Сиз билан тан олиш ҳақида гаплашган эдик. Демак, ҳамма ҳам тан олмаган?

— Деталлар бўйича ҳамма ҳам тан олмади.

— Юлий Батирович, жорий йилда амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларни санаб ўтсангиз.

— 2019 йилда ислоҳотлар тезлашишидан катта умид қилмоқдаман. Чунки шундай ислоҳотлар борки, уларсиз бизга оғир бўлади. Учта асосий ислоҳот бор. Учаласи ҳам ўта муҳим. Мен солиқ ислоҳотини гапирмаяпман. Концепция бор ва умид қиламанки, у амалга оширилади. Унинг бизнес ва аҳоли учун камчиқим қилиб амалга оширилишини истардим.

Биринчи асосий ислоҳот бу — маъмурий ислоҳот. Концепция қабул қилинган, амалда ҳеч иш қилингани йўқ. Уни 2019 йилда ўтказиш жуда муҳим. Модомики, биз бошқа ислоҳотлар самарали ўтказилишини истар эканмиз, давлатнинг ўзини бошқатдан қайта қуриш керак. Функциялар ва иқтисодиётни юритиш усуллари ўзгартирилмоғи лозим.

Аҳамияти ундан кам бўлмаган иккинчи йўналиш — аграр ислоҳот. Сиз билан гаплашган нарсаларимиз. Давлат буюртмасидан воз кечиш ва мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш керак.

Кўплаб йўналишлар, масалан, пахта бозор муносабатларидан чиқарилган. Бизда эркин пахта бозори йўқ. Бизда узоқ йиллар мобайнида истеъмолчи корхоналар пахтани валютага харид қилиб келишган. Абсурд! Эркин конвертация мавжуд бўлмаган мамлакатда ўз пахтангизни хорижий валюта эвазига харид қиласиз. Бу ушбу секторда нечоғлик абсурдлар ва самарасиз қоидалар тўпланиб қолганидан биргина мисол.

Бу жойдан нафақат қишлоқ хўжалигида, бошқа соҳаларда ҳам муаммолар келиб чиқади. Йилдан-йилга текстил саноатини ривожлантириш ҳақида гапириб келмоқдамиз. Лекин, моҳиятан, ип йигирув секторидан уёғига ўта олганимиз йўқ. Бу эса айнан эркин пахта бозори йўқлиги ва агросаноат комплексига давлатнинг аралашуви билан боғлиқ.

Мен умид қилаётган учинчи йўналиш — давлат корхоналари ва табиий монополиялар ислоҳоти. Бизда иқтисодиёт ўта монополлашган. Умуман олганда, бу иккиси фарқли нарсалар: давлат корхоналари ва монополлаштириш, лекин бизда аралашиб кетган.

Маъмурий ислоҳот тармоқ даражасида ҳам ўтиши керак. Чунки эски, советча бошқарув тизими ҳамон мавжуд. Собиқ вазирликлар концернлар, акциядорлик жамиятларига айлантирилган, моҳиятан улар ўша-ўша собиқ вазирликлар, совет давридан фарқли ўлароқ, энди вазирлик функцияларини амалга оширибгина қолмасдан, бизнес билан ҳам шуғулланишмоқда. Буни энди совет даври мероси, деб ҳам бўлмайди, бу умуман даҳшатли бир нарса.

Ислоҳотларни тармоқ даражасида ҳам ўтказиш керак. Советча тизим сарқитларини йўқотиш керак. Рақобатни ривожлантириш керак. Хусусийлаштириш зарур.

Лекин аввало бошқарув тизимини ўзгартириб, рақобатни ривожлантириб, шундан сўнг хусусийлаштиришни ўтказиш керак. Чунки ҳозир хусусийлаштириш бошланса, давлат монополиялари ўрнига хусусий монополияларга эга бўламиз. Бунинг эса яхши тарафи йўқ. Бу йўналишлар бўйича улкан ишлар турибди.

Солиқ ислоҳотининг асосий муаммоларидан бири — давлат ислоҳот натижасида бюджетга тушумлар камайиб кетишидан чўчимоқда. Бу ҳолда пенсия, стипендиялар, бюджет соҳаси ходимларига маошларни тўлаш ва ҳоказоларга пул бўлмайди. Лекин улкан ресурс айнан давлат корхоналарида яшириниб ётибди, чунки уларнинг аксарияти ҳозир солиқлардан озод қилинган. Уларнинг кўпчилиги фойда олмайди. Давлатга ҳам улардан фойда кам. Давлат уларни сунъий ушлаб турибди, бизга уларнинг сифати пастроқ маҳсулотлари учун қимматроқ нарх тўлашга мажбурлаяпти, чунки у ерда рақобат йўқ, давлатнинг ўзи эса улардан деярли ҳеч вақо олмайди. Бу нега керак? Боз устига, бу корхоналарнинг кўпчилиги рақобатбардош, уларни шунчаки рақобат муҳитига тушириб қўйилса бас.

Автомобилсозлик секторини олайлик. Автосаноатимизни 20 йилдан ортиқроқ ҳимоя қилиб келдик. Оёққа туриб олишига қўйиб берайлик, автомобиль ишлаб чиқаришни ўрганишсин, дедик. Шунча йил ўтди. Бизга энди сифати шубҳа остида бўлган, эскирган моделдаги автомобилларни қиммат нархларда таклиф этишяпти. Худди шу компания автомобилларининг хорижда сотиладиган нархларидан қимматроқ нархда. Бу ахир абсурд-ку? Буларнинг барчасига сабаб рақобат йўқлигида.

Кўпчилик бошқа ишлаб чиқарувчилар учун чегарани очсак автосаноатимизни ўлдириб қўямиз, дейди. Бу автосаноатни ўлдирмайди. Бу ерда машиналар бутловчи қисмлардан терилмоқда, ишчи кучи арзон, автосаноат деярли солиқ тўламайди, электр энергияси ҳам арзон. Нима учун автомобиллар қиммат бўлиши керак? Қайси сабабдан? Бу — соф монополия натижаси. Микроиқтисодиёт дарслигини олинг-да, у ердан монополияларнинг фаолияти қандай тасвирланганини ўқинг. Монополиячилар нархни ошириш учун ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиришади. Агар давлат нархни ҳам назорат қиладиган бўлса, харажатларни оширишади. Давлатга: биз арзон сотмаймиз, деб исботлаш учун. Монополияларнинг классик феъл-атвори. У ерга кимни бошлиқ қилиб тайинлашингиз аҳамиятсиз. Ҳар қандай компания, ҳар қандай бошлиқ монополия шароитида ўзини айнан шундай тутади.

Мана, «Фейсбук»да ўзимизнинг конфет ишлаб чиқарувчиларни украиналик ҳамкасбларидан ҳимоя қилиш керакми, деган мунозара бўлиб ўтди: «Мана, бизга Украина конфетларини олиб киришга рухсат беришди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қандай зарба бўлади бу?!».

Лекин бизнинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларимиз доимо рақобат шароитида ишлашган. Биринчидан, улар кўп. Иккинчидан, улар доим ўзаро рақобат қилишади, бозорларимизда доимо Россия, Қозоғистон ва Туркия конфетлари бўлган. Уларнинг олиб кирилишини чеклашганда ҳам улар контрабанда йўли билан кириб келаверган. Шунинг шарофати билан бизда чидаса бўладиган нархларда сотадиган конфет ишлаб чиқарувчилар бор. Бунинг сабаби рақобатда.

Агар биз автосаноатдагидек қилганимизда — чегараларни хорижий конфетларга таққа-тақ ёпиб қўйганимизда — биз бир ярим баробар қимматроқ ва сифатсизроқ конфетлар харид қила бошлардик. Рақобатга раҳмат айтиш керак.

Автосаноатда ҳам аҳвол шундай. Чегараларни очинг, нормал божхона тўловларини жорий этинг — ҳозиргидек 100 фоиз эмас, айтайлик, 30 фоиз. Бюджет ҳам тушумга эга бўлади. Ҳозир бюджетга ҳеч нарса тушмаяпти, амалда йўқ қилинган импортдан ҳам, автосаноатнинг ўзидан ҳам.

Агар бозор бошқа ишлаб чиқарувчиларга очилса, бюджетга тушумлар пайдо бўлади, автосаноатимиз ҳам рақобатга киришиб, харажатларни камайтириб, нархларни пасайтириб, сифатни ошира бошлайди. Рақобатсиз, ҳозир уларни койиб, яхши бўлиш учун яна 5 йил муддат бериш — мутлақо бемаъни машғулот. Чунки ташқи стимуллар бўлмаса, ишлаб чиқарувчини ҳеч ким сифатни ошириб, харажатларни камайтириб, истеъмолчи учун ишлашга мажбурлай олмайди.

Назаримда, жорий йилда амалга оширилиши керак бўлган асосий учта ислоҳот мана шу. Аслида, аввал айтиб ўтганимдек, ислоҳотлар ҳамма жойда керак. Таълим тизимида ҳам, пенсия ислоҳоти ҳам, бюджет ислоҳоти ҳам, банк ислоҳотини ҳам давом эттириш керак, импорт эркинлаштирилмоғи лозим ва ҳоказо ва шу кабилар.  Ислоҳот ҳамма жойда керак.

Лекин мана шу уч ислоҳот — энг устувори. Бу ислоҳотлар қолганларини ҳам тортиб чиқаради.

Top