Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Газ заправка»ларда нарх тушмади, тирбандлик ҳам йўқолмади
«Ўзтрансгаз» АЖ Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбарияти вилоятдаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари — газ тўлдириш компрессор станцияларида хизмат кўрсатиш соатларини чеклашга буйруқ берган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2100 сўмдан арзонлаган «метан газ» энди танқис ёқилғига айланмоқда.

«Аввал 1900 сўм бўлган метан, кейинроқ 2100 сўмдан ҳам ошиб кетди. Айни пайтда нарх 2000 сўмга тушди, аммо ёқилғи танқис бўляпти. Барча ҳайдовчилар кўп вақтини навбат кутиш билан ўтказишга мажбур. Бундан ташқари айрим «заправкалар» кечки соатларда ишламаяпти», — дейди Kun.uz билан суҳбатлашган ҳайдовчилардан бири.

«Ўзтрансгаз» АЖ Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси Термиз тумани бўлими вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, об-ҳаво кескин совиб кетиши оқибатида газ етказиб беришда айрим муаммолар юзага чиқмоқда.

«Магистрал қувурлар орқали етказиб берилаётган газнинг босими тушиб кетди. Шунингдек, совуқ кунларда аҳолининг ҳам газга бўлган эҳтиёжи ошиб кетади. Вилоят бошқармасидан хат тушган: кечки соат 18.00дан то 6.00гача газ тўлдириш компрессор станциялари ишлаши белгиланган», — дейди у.

Суҳбатдошнинг айтишича, Термиз туманида 5та газ тўлдириш компрессор станциялари хизматларни тақдим этяпти, бундан ташқари яна битта станция фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Аммо Термиз шаҳрида газ тўлдириш компрессор станцияси мавжуд бўлмагани туфайли аҳвол оғир. Ҳайдовчилар кундузи узоқ вақт навбатда туриб, кечга яқин ёпилиб қолаётган газ тўлдириш компрессор станцияларидан норози бўлишмоқда.
«Аввал нарх муаммо бўлди, энди танқислик бошланди. Қиммат бўлса ҳам, ўша газни берсин», — дейди Kun.uz билан суҳбатлашган ҳайдовчи.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари — газ тўлдириш компрессор станцияларига лимитдан ортиқ олинган газ сарфи учун белгиланган коэффициент миқдори пасайтирилиши керак эди. Ўтган ойлар мобайнида хизмат нархининг кескин ошиб кетишига лимитдан ортиқ олинган газ сарфи учун 2 коэффициентда тўлов амалга оширилиши важ қилиб кўрсатилгани инобатга олиниб, коэффициент миқдори 1,4 этиб белгиланиши кутилаётганди. Аммо у ҳам бажарилмай қоляпти.
Мавзуга оид
16:32 / 14.05.2026
Автомобил бозори. Нархлар қандай ўзгаряпти?
17:43 / 11.05.2026
Газ тўлдириш шохобчаларида пропан нархи қимматлашди
09:00 / 10.05.2026
Бекор бўлган пешлавҳа “солиғи”, anti-SLAPP зарурати ва ССВда истеъфолар — ҳафта дайжести
22:31 / 05.05.2026