11:18 / 28.02.2019
36274

Покистон ва Ҳиндистон яна бир-бирига ўт очди

Фото: Channi Anand/AP/TT

Покистон Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир штатидаги аҳоли пунктларини ўққа тутди. Бу ҳақда ТАСС маҳаллий ОАВга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Аниқлик киритилишича, воқеа Пунч округида маҳаллий вақт билан соат тахминан 06:00да (Тошкент вақти билан 05:30) содир бўлган. Ҳиндистон қўшинлари зарбани қайтаришган.

Бундан олдин, мамлакатлар ҳаво ҳудудидаги жанговар тўқнашувлар ҳақида хабар берилган эди. 26 февраль эрталаб Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари Кашмирнинг Покистон қисмидаги “Жайиши Муҳаммад” гуруҳининг йирик машғулот лагерига зарбалар берди. Ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб жангарилар, уларга тегишли транспорт, қурол ва ўқ-дори йўқ қилинган. Ҳиндистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Вижай Гокхале бу зарба зарур бўлгани, чунки гуруҳ Ҳиндистоннинг турли ҳудудларига худкушлар иштирокида ҳужумлар тайёрлаётганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон Ҳиндистоннинг иккита ҳарбий самолётини уриб туширганди.

Шундан сўнг, Ҳиндистон жавоб қайтариб, Покистоннинг қирувчи самолётини уриб туширди.

Мавзу
Кашмир можароси
14 февраль куни Покистон ҳудудида ўрнашган «Жайш-э-Муҳаммад» террорчи гуруҳи Кашмирда Ҳиндистон армияси ҳарбийлари колоннаси ўтаётган йўлда теракт содир этиши натижасида 46 нафар ҳинд ҳарбийси ҳалок бўлди. Бу воқеа ортидан Покистон ва Ҳиндистон муносабатларида можаро яна авж олди.
Барчаси
Top