Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Парламент ҳукуматдаги тайинловларни кўриб чиқиши керак бўлади
Вазирлар Маҳкамаси аъзолари номзодининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланганидан кейингина Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланиш тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда сенатор Муҳамет Жумагелдиев хабар берди.
Сенаторлар маъқуллаган «Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, парламент номзодларни маъқуллагач, Президент уларни лавозимига тасдиқлайди.
«Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 79, 93 ва 98-моддалари Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин тайинлаш учун киритилишига оид нормалар билан тўлдирилмоқда», — дейди сенатор Жумагелдиев.
Бундан ташқари, қонун билан ҳукумат аъзолигига номзодларнинг кўриб чиқилиши жараёнида ҳамда ҳукумат аъзолари лавозимга тайинланганидан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режаси тақдим этиши белгилаб қўйилган.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилиши юзасидан ҳар чорак якуни билан ҳисобот тақдим этиб боришлари тўғрисидаги тартиб жорий этилмоқда», — дея қўшимча қилган сенатор.
Сенат ушбу қонунни маъқуллади, эндиликда у президент томонидан имзоланиб, қонуний кучга кириши билан амалиёт ҳам ўзгаради.