Жаҳон | 14:07 / 18.03.2019
40734
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Марказий Осиё давлатларига таклиф билан чиқди 

Фото: AFP 2018 / NASA / AFP

Қозоғистон Марказий Осиё давлатларига космик соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди, деб ёзмоқда Spot.

Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё биринчи иқтисодий форумида сўзга чиққан Қозоғистон бош вазири ўринбосари Женис Касимбек ҳар бир мамлакатга биттадан сунъий йўлдош тегишли бўладиган, Ерни масофадан туриб зондлаш бешта сунъий йўлдошдан иборат гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди.

«Бу сифатли ахборот олиш имкониятини беради, Ер юзасини тезкорлик билан суратга олиш самарадорлигини оширади. Шунингдек, бу ҳар бир мамлакатга иқтисодиёт соҳалари, масалан, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга мониторингларни татбиқ этишда ёрдам беради», - деди Женис Касимбек.

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, Қозоғистон минтақадаги барча мамлакатларга ушбу таклифларни таҳлил қилиш ва ўрганиш учун ишчи гуруҳларни жўнатишга тайёр.

Ўтган йилнинг кузида Қозоғистон қўшма сунъий йўлдошни яратиш бўйича Ўзбекистонга таклиф берганди. Ўшанда сунъий йўлдош минтақадаги бошқа мамлакатларга ҳам хизмат кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.

Бундан олдин, Қозоғистон Ўзбекистонга таклиф билан чиққанди.

Мавзуга оид