00:14 / 23.03.2019
8553

UNWTO стандартлари бўйича ҳудудий туризм статистикаси шакллантирила бошланди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (United Nations World Tourism Organization - UNWTO) стандартлари бўйича Ўзбекистон ҳудудий туризм статистикасини шакллантириш методологиясини ишлаб чиқишга старт берилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Президентнинг 2019 йил 5 январдаги 5611-сонли фармони билан тасдиқланган "2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси" ижросини таъминлаш мақсадида UNWTO стандартлари бўйича ҳудудий туризм статистикасини шакллантириш методологиясини ишлаб чиқишни бошлади. 

Мазкур методология ҳудудлар бўйича дастлабки статистика маълумотларини йиғиш, туристик бозор субъектлари ҳамда сайёҳлик хизматлари  истеъмолчиларининг ижтимоий сўровномалари учун статистик шакл ва саволларни ишлаб чиқишга асосланган.

11-16 март кунлари Самарқанд шаҳрида жойлашган Иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда “Ипак йўли” Халқаро туризм университети ўқитувчи ва талабалари иштирокида сўровнома ўтказилди. Бу жараёнга 10 га яқин ўқитувчи ва шу олийгоҳларнинг 700 га яқин талабалари ҳам жалб этилган бўлиб, улар келгусида ҳар ой маълумотларини  йиғиши ва туризм соҳасидаги статистикани таҳлил қилиши мумкин бўлади.

Самарқанд вилояти сайёҳлик объектларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Имом ал-Бухорий мақбараси каби сайёҳлик объектларида сўров ўтказилди.

Маълумотларни мунтазам тўплаш сайёҳлар оқимининг мавсумий хусусиятларини инобатга олиш, сайёҳларда мавжуд бўлган хоҳиш ва муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги турли соҳаларга туризмнинг таъсирини таҳлил қилиш имконини беради.

Top