Жамият | 16:57 / 25.03.2019
17857
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистонда илк маротаба картошка куни нишонланди

Наврўз айёми арафасида- 19 март куни Ўзбекистонда илк бор Халқаро картошка куни ўтказилди. Шу куни картошкани қайта ишлаш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи йирик корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон картошка етиштирувчилар уюшмаси, “Grimme” немис компанияси ҳамда картошка ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири - “Agrover” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кенг миқёсда ўтган катта фестивал аграр соҳасининг вакиллари, деҳқон ва фермерларимиз учун ажойиб байрамга айланди. Куннинг биринчи ярмида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз ва хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги соҳасининг вакиллари томонидан қизиқарли тақдимот-маърузалар намойиш этилди. Мазкур анжуман чет эллик мутахассислар ва юртдошларимиз ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, картошка етиштиришда хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва эришилган ютуқларни намойиш этиш мақсадида ташкил қилинди.

Картошка биз кундалик ҳаётда севиб истеъмол қилинадиган маҳсулотдир. Уни деярли барча миллий таомлар таркибида учратиш мумкин. Бежизга картошкани – иккинчи нон, деб аташмайди. Бироқ картошкадан сермаҳсул ҳосил олиш осон жараён эмас. Шу сабабли мамлакатимизда сифатли ва ҳосилдор картошка уруғчилигини етиштириш мақсадида катта чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Картошка кунида меҳмонлар учун ирригация соҳаси ускуналари, картошка қадоқлаш ва  суғориш машиналарининг кўргазмаси, фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун кооперацион биржа ташкил этилди. Шунингдек, картошка кунини янада мазали ўтказиш учун “Potato Bar” бурчагида ажойиб таъмдаги лавлаги-картошка коктейл, дудланган товуқдан картошка музқаймоғи ва картошка фрилар улашилди.

Куннинг иккинчи ярмида картошкани қайта ишлаб чиқаришга ва ярим тайёр маҳсулотга келтириш бўйича мукаммал бўлган янги “Solanuz” заводини ишга тушириш маросими ўтказилди. Бу ерда french fries деб танилган картошка фри, картошка кукуни ҳамда ёрмалари замонавий технологиялар орқали ишлаб чиқарилади.

“Бир кунлик ишлаб чиқариш нормаси картошка фри бўйича ярим тайёр маҳсулотимиз 48 тоннага етди, картошка кукуни бўйича эса ҳозирда 13 тонна маҳсулотга эришдик. Техник ускуналарнинг барчаси хориждан келтирилган бўлиб, юқори сифатли маҳсулот олишимиз кафолатланган. Фри тайёрлашда “Фонтана” навли картошкадан фойдаланамиз. Маҳсулотлар кенг истеъмолчиларга, шунингдек, тамаддихоналар, ресторан ва кафеларга етказилмоқда”,-дея қайд этди завод технологи.

Фарҳод Тоҳиров

Фарҳод Тоҳиров, “Agrover” компанияси ижрочи директори:

“Бугунги тадбирга республикамизнинг барча ҳудудларидан 300га яқин қишлоқ хўжалиги вакиллари таклиф қилинган. Хорижлик ҳамкорларимиз картошка етиштириш соҳасидаги ўз тажрибаларини алмашишмоқда. Бугун Ўзбекистон иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда қандай қилиб сифатли картошка етиштириш ва мўл ҳосил олиш бўйича янги инновацион таклифлар ўрганилди”. 

Ҳозирда “Agrover” компанияси картошканинг асосий 8 навини етиштирмоқда. Улар Германия, Россия, Белорусь, Голландиядан келтирилган турли элита уруғларнинг катта миқдоридан саралаб олинган. Мазкур компания ҳар йили истеъмол учун картошка бозорини элита навли картошка уруғлари ҳамда энг сара картошка маҳсулоти билан таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги № ПП 3558–сонли «Республикада келгусида картошка уруғчилиги етиштиришни ривожлантириш бўйича чора–тадбирлар тўғрисида»ги Қарори бу борада олиб борилаётган чора–тадбирларни янада такомиллаштиришга хизмат қилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид