Жамият | 17:02 / 15.04.2019
81312
10 дақиқада ўқилади

Танганинг икки томони: Тошкентдаги «снос» можаросида ким нима дейди?

2018 йилнинг ноябрь ойида Kun.uz тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев мурожаати асосида суриштирув ўтказганди. Бу мурожаат бўйича тайёрланган «Бир кунда 600 минг доллардан ортиқ маблағ йўқотдим». Тошкентда тадбиркор қураётган уйлар бузиб ташланди» сарлавҳали мақолада тадбиркорнинг Мирзо Улуғбек тумани «Авайхон» маҳалласи ҳудудида қурилаётган 3 қаватли турар-жой биноси шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратида бузиб ташлангани баён қилинганди.

Маълум муддат ўтгач, тадбиркор муаммолари чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди. Муҳаммадбобур Хўжаев Тошкент шаҳри ҳокимини шаҳардаги қурилиш бозорини «монополияга айлантириш»да, арзон уй қураётган тадбиркорни «қурилиш бозоридан сиқиб чиқариш»да айблаганди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Аввалига, 28 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ОАВда эълон қилинган «ахборот хуружлари»га муносабат билдирди. Унда «бизнесда омади юришмаган тадбиркор исботсиз шов-шувли материаллар билан маҳаллий ҳокимият идоралари номини қора қилаётгани» танқид қилинганди.

5 апрель куни эса Тошкент шаҳар ҳокимлигида жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлаётган муаммо юзасидан матбуот учун брифинг бўлиб ўтди ва унда танганинг иккинчи тарафи ҳам кўринди. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев брифингда муаммо юзасидан фикрларини айтиб ўтди ва инвестор билан юзма-юз мулоқот ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

«Тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаевни умримда кўрмаганман, гаплашмаганман ҳам. Мен тўғримда оммавий ахборот воситаларида ҳар хил фикрлар билдирмоқда. Тадбиркор билан алоҳида ҳам, оммавий ахборот воситалари олдида ҳам суҳбатлашишга тайёрман. Марҳамат, келсин.

Ўша ис газидан нобуд бўлган инсонлар, у қурган уйлар ва уни қабул қилиб олган мансабдор шахслар юзасидан суд ишлари кетмоқда. Керак бўлса, ҳаммаси жиноий жавобгарликка тортилади», - дейди шаҳар ҳокими. Шундан сўнг ҳоким режалаштирилган расмий учрашувлари борлигини айтиб, брифингни давом эттиришни ўз вакилларига топширди.

Брифинг давомида тадбиркор томонидан қурилган уйларда яшовчи фуқаролар мурожаати акс этган видео намойиш этилди. Унда тасвирланган уйлар ҳеч қанча вақт ўтмай, аянчли ҳолга келиб қолганини, уйларда ёмғир суви кетадиган ариғ-у қудуқлар ҳам йўқлиги, девор ўрнига гипсокартондан фойдаланилгани, уйлар пойдеворсиз қад ростлагани учун хонадон полидан ўтлар ўсиб чиққанини, уйлар бир-бирига жуда яқин қилиб қурилгани, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа талабларга умуман жавоб бермаслигини кўриш мумкин. Фуқаролар бу ҳолатлардан жуда ҳам норозиликларини ифодалашган.

Брифингга келган «Авайхон» МФЙ фаоллари ва ўша ерда яшовчи фуқаролар бирин-кетин фикр билдиришни бошлашди. «Авайхон» МФЙ фаоли Гулчеҳра Назармуҳаммедованинг сўзларига кўра, у оиласи билан 2017 йилнинг декабрь ойида шу уйлардан бирига кўчиб ўтган. Ўша вақтда қабул қилиб олинганида шароитлар жуда яхши бўлган. Бироқ кейинроқ уйда камчиликлар пайдо бўла бошлаган.

Гулчеҳра Назармуҳаммедова

«Бор йўғи икки ойгина бахтли яшадик. Озроқ бўлса ҳам бахтни ҳис қилдик. Чунки жуда кўп қийинчилик кўриб, охири эришган уйимиз эди. Лекин бир аҳмоқ, кечирасизлар-у, яна қайтариб айтаман - «мошенник»нинг қўлига тушиб қолдик. У одамларни лақиллатгани учун 3 марта судланган экан. Мана шу Равшан Зокиров.

Муҳаммадбобур Хўжаев масаласига тўхталсак, бу инвестор ҳеч ким билан учрашмайди. Чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳокимлар унинг фаолиятига тўсқинлик қилаётганини айтмоқда. Лекин ҳоким ўз ишини қилмоқда. Шаҳарда шароитлари яхши уйлар қурилмоқда. Керакли жойда ўз ёрдамини бермоқда», - дейди маҳалла фаоли.

Буни йиғилишда қатнашган бошқа фуқаролар ҳам тасдиқлашди. Улар ҳам ўз эътирозларини билдириб ўтишди.

Брифингда қатнашган Мирзо Улуғбек туман ҳокими ўринбосари Абдулазиз Абдулҳаков агар суд тартибида талабга жавоб бермайдиган уйлар бузилса, ўша ерда яшовчи фуқаролар уйига куйиб қолмаслиги, у ўз таклифини тайёрлаётгани, янги инвестор келиб 12 қаватли уй қуриши ва ўша ерда яшовчи фуқаролар кўчиб ўтиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Абдулазиз Абдулҳаков

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими Бахтиёр Пўлатов ҳам ўз муносабатини билдирди.

Бахтиёр Пўлатов

«Аввалига тадбиркор уйни ўзи учун қуришини айтиб, тегишли ташкилотлардан ҳужжат олади. Уйни қураётганда ўша шахс қўшниларидан бошқа ҳеч қайси ташкилотдан рухсат олмайди. Уйи битгач, тайёр бўлган хоналарни битта-битта сота бошлайди. Қонунан ҳаммаси тўғри амалга оширилади.

Шунинг учун бундай қурилишлар устида ҳеч ким турмайди, ҳеч ким назорат қилмайди. Тегишли кўрсатмалар ҳам бермайди. Одатда, қурилиш ташкилотлари бинони қуриб битказганидан сўнг, ҳокимлик томонидан тегишли тартибда қабул қилиб олинади. Бундай уйларда ундай тартиб мавжуд эмас», - деб ўша тадбиркор қандай фаолият юритганини тушунтириб берди бошқарма вакили.

Йиғилиш сўнгида ҳокимлик вакиллари албатта айбдорлар жазоланиши ва давлат жабрланганларни ўз ҳимоясига олишини таъкидлади.

Брифинг тугагач, инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ва тадбиркор Равшан Зокировдан ҳам юқоридаги ҳолатлар бўйича изоҳлар олдик. Инвесторнинг айтишича, ўша воқеалардан сўнг унга нисбатан босим кучайган. Унинг инвестицияси асосида қурилган 4та объект бузилишга тушган. Ҳозирда улар юзасидан суд ишлари кетмоқда.

инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ва тадбиркор Равшан Зокиров

«Брифинг юзасидан гапирадиган бўлсак, Гулчеҳра Назарбоева яшаётган уйни мен қурмаганман. Бу аёлнинг олдига борсам, менга муомаласи яхши. Бошқа жойда бизни ёмонлаш билан овора. У олди-сотди шартномасини кўрсин. У уйни мен қурмаганман. Менинг қурувчиларим ўртада воситачи бўлиб ўша ердаги уйларни сотишга ёрдам беришган, холос.

Ўт ўсиб чиққан уйни ҳам мен қурмаганман. Нега мен қураётган уйларни камерага олишмади? Марҳамат олишсин. Мени ёмонлаб ёритаётган журналистлар, илтимос, икки томоннинг фикрини ўрганинглар. Кейин материални ёритинглар.

«Авайхон»да суд қарорисиз бузиб ташланган мулким масаласига келсак, ҳокимият бошқа биноларимизга тегмаслиги учун ички ишлар ходимларига бино қуришимиз лозимлигини айтганди. Аввалига рози бўлмагандик. Шунда биноларимиз масаласида судлар бошланди. Кейин 180 минг АҚШ доллари сарф қилиб, ички ишлар ходимлари учун замонавий бино қуриб бердик. Суд аризалари ҳам ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Юнусобод туманининг «Хушнаво» деган ҳудудида 10та уй қургандик. Улар 2018 йилнинг июнь ойида сотилганди. Уйнинг эгаси ис гази чиқиб кетадиган ҳаво сўргични ёпиб қўйган. Биз топшириш-қабул қилиш ҳужжатларида топширган лойиҳани ўзгартирган. Шунинг натижасида ўша ерда яшаётган усталар газни ёниқ қолдиришган ва вафот этишган. Кўпчилик бизни айбламоқда. Ҳозирда жиноят иши юзасидан суд ишлари кетмоқда. Экспертиза натижаларини кутяпмиз. Ҳамма жойда биз айбдор сифатида кўрилмоқдамиз. Бироқ биз айбсизмиз. Айбимиз исботланса, кейин айбдор дейилса бўлади.

Менда унга қарши далиллар бўлгани сабаб шундай фикрлар билдиришга мажбур бўлдим. Балки, унинг атрофидаги ёки менинг атрофимдагилар шундай низолардан манфаатдордир. Ҳар хил гаплар тарқалмоқда. Шуларнинг олдини олиш учун мени эшитишса, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан очиқ мулоқотга тайёрман», - деди Муҳаммадбобур Хўжаев.

Брифингда йиғилганларга намойиш қилинган видеодаги қурувчи тадбиркор Равшан Зокиров билан ҳам суҳбатлашдик. У ўша куни уни яширин камера орқали тасвирга олишгани ва оммага унинг рухсатисиз намойиш қилишганини айтиб норози бўлди.

Унинг тушунтиришича, уларнинг фирмаси бошқаларга нисбатан арзон уйлар қуриш билан шуғулланади. Давлат томонидан фуқароларга «прописка» бўйича енгилликлар берилгач, уларни бозордан сиқиб чиқариш бўйича ҳар хил тўсиқлар пайдо бўла бошлаган.

«Бир хонали уйларимизнинг нархи 100-110 миллион сўмни ташкил этади. Тўғри, майдони кичкина, лекин ҳамёнбоп ва барча шароити етарли. Битмаган ҳолда топширмаймиз. Экспертлар хулосасига кўра, 8 балли зилзилага бардошли», - деди Равшан Зокиров.

Равшан Зокиров

Икки томоннинг фикрлари ўрганилгач, ўз-ўзидан бир неча саволлар пайдо бўлди. Хўш, тадбиркор ва инвестор муаммолари қачон ҳал этилади? Шаҳар ҳокими ва инвестор ўртасида мулоқот ўтказиладими? Томонлар вазиятга адолатли ечим топишадими? Айбдорлар ўз жазосини оладими? Оддий аҳолининг уйи бузилса, уларга янги уй бериладими? Тадбиркорнинг суд қарорисиз бузиб ташланган уйи масаласи нима бўлади? Ис газидан вафот этганлар ўлимида ким айбдор?

Ҳозирча бу саволлар очиқ қолмоқда. Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
тасвирчи Шерзодбек Эгамбердиев

Мавзуга оид