Жамият | 19:48 / 30.04.2019
17427
5 дақиқада ўқилади

Уруш қатнашчиси вафот этса, фармонда кўрсатилган маблағ қаерга сарфланади?

Маълумки, мамлакатимизда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамиша эъзозда бўлиб келган. Давлатимиз энг мураккаб бўлган ўтиш даврида ҳам 9 май куни «Хотира ва қадрлаш байрами» сифатида кенг нишонланган, фахрийларга махсус фармонларга кўра алоҳида эътибор қаратилган. Аммо умр ўтиб кетмоқда, минг афсуски бу уруш қатнашчилари ҳам йилдан-йилга камайиб бормоқда...

Маълумот учун, Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари анъанага кўра ҳар йилда 9 май арафасида пул мукофотлари билан тақдирланади. Аввалги йилларда, хусусан, 2013 йилда бир марталик пул мукофоти - 500 000 (беш юз минг) сўмни, 2014 йилда – 600 000 (олти юз минг) сўмни, 2017 йилда 2 000 000 (икки миллион) сўмни, 2018 йилда 5 000 000 (беш миллион) сўмни ташкил этган.

Жорий йилнинг 23 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони имзоланди. Фармонда шундай дейилади:

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:

1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000

(етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти белгилансин.

2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласинлар.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказсинлар.

5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Айни шу фармон ижросини таъминлаш ижросини таъминлаш масаласида ўтказилган йиғилишда уруш қатнашчилари сони ўтган йили 1168 нафар бўлгани, бу йил эса 878 нафар қолгани маълум қилинган.

Аммо Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси сайтидаги айни шу фармон ижроси бўйича хабарда 2019 йил 23 апрель ҳолатига, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида турувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сони 829 нафарни ташкил қилиши кўрсатилган. Маълум қилинишича, бу 49 нафар ветеранлар бошқа тизимларда фаолият юритган инсонлар бўлиб,  ўша тизимлар орқали фармонда белгиланган мукофот пулини оладилар.

Мавзуни кенгроқ ёритиш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳратжон Давронов билан қисқа суҳбат қурдик.

— Бугунги кунда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларининг аниқ сони қанча?

— Мукофотланиши лозим бўлган 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва ногиронларининг, меҳнат фронти қатнашчиларининг аниқ рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан шакллантирилади ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

2019 йил 23 апрель ҳолатига маълумотларига асосан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида турувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сони 829 нафарни ташкил этади.

— Фармон эълон қилинганидан кейин уруш қатнашчиси вафот этса, ажратилган маблағ қаерга сарфланади?

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 апрелдаги 81-сон қарори билан тасдиқланган «1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик мукофот пулларини тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинган кунда мукофот пули олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс кейинроқ вафот этган ҳолларда ушбу маблағлар уларнинг оила аъзоларига тўланиши белгиланган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, ҳар йиллик маблағ миқдори президент қарорига кўра тасдиқланади ва зарур маблағларни ажратиш, тарқатиш ижроси АТ «Халқ банки» томонидан амалга оширилади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид