Жамият | 19:24 / 09.05.2019
21833
6 дақиқада ўқилади

Мужмал сўзлар, дудмал лафзлар замони

Сўнгги кунларнинг энг илғор мавзулари иккита: Тил бўйича ташаббус ва «Ўлмас полк». Бир қарашда ҳар иккиси бўйича ҳам муҳокамага ўрин йўқдек, ҳаммасига нуқта қўйилгандек. Лекин нега бу икки тадбир-ташаббус бу қадар оғизга тушди?

Бу тобора урчиётган бир иллат туфайли туғиляпти, назаримда.

Биз аниқ ва бошқача талқин қилиб бўлмайдиган тарзда сўзлашни, баёнот беришни унутдик. Нозик мавзуларда кесиб-кесиб, узил-кесил нуқта қўйиб гапириш ўрнига мавҳум сўзлар, мужмал ваъдалар ва талқини товланувчи лафзлар беришга ўрганиб қолдик.

Эътибор беринг, рус тилига расмий мақом бериш бўйича «бир гуруҳ зиёли»ларнинг ташаббуси илгари сурилди. Дастлабки кунлари кичик-кичик норозиликлар, ижтимоий тармоқлар доирасидаги қарши хитобларгина янгради. Ўшанда расмий сукунат ҳукмрон эди, ташаббускорлар ҳам жим эди. Бир неча кундан кейин расмий идоралар, машҳур шахслар ҳам бирин-кетин ўз позицияларини билдира бошлашди, бу ташаббуснинг таги пучлигини баён қилишди.

Ўшанда энг қизиғи содир бўлди: ташаббускорлар рўйхатида келтирилганлар бирин-кетин бундай фикр билдирмаганликларини билдириш бўйича «эстафета»га киришдилар. Ҳаммалари. Бир овоздан! Бирортаси бўлмадики, мен фикримда собитман, ўшанда ҳам шундай дегандим, ҳозир ҳам ўзгармадим, дейдиган.

Гўёки рус тилининг аҳамияти ҳақида сўралган экану, ташаббускорлар бу тилнинг имкониятлари катталиги, ўрганиш зарар қилмаслиги ҳақида фикр билдирган эканлар. Қандайдир «қора кучлар» бошқача талқин қилиб, рус тилига расмий мақом сўралган ташаббус остига буларнинг исм-шарифини тиркаб қўйибди.

Лекин ўзини оқлаш ҳам жуда ажойиб: «мен уни назарда тутмагандим» қабилида. Рус тилига расмий мақом берилишига қаршиман, деган дангал гап йўқ. Аминманки, шу ташаббусни кўпчилик қўллаганида ва бу иш амалга ошганида ўша ташаббускорлар ютуқни кўз-кўз қилиб от солардилар.

Иккинчи мисол – «Ўлмас полк». Айнан мана шу мавзу дастлаб бу йил ҳисобидан 3 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимининг Мирзо Улуғбек туманида ўтказган сайёр қабулида кўтарилди. Бир гуруҳ фаоллар ҳокимдан 9 май байрами муносабати билан «Биродарлик қабристони»дан «Мустақиллик майдони»гача бўлган йўлда юриш уюштиришни сўрашди. Қизиғи, тадбирнинг расмий номи ишлатилмади, тилга олинмади.

Ҳоким ва ташаббускорнинг суҳбати қуйидагича кечди (мазмун сақланган ҳолда таржимавий маъноси):

Ҳоким: бу акция бизга нима беради?

Ташаббускор: байрам... ёшлар ватанпарварлик руҳини ҳис қилишади.

Ҳоким: бемалол байрам қилишаверсин, ҳеч ким халақит қилмайди.

Ташаббускор: йўлни ёпиш учун махсус рухсат керак экан. Шуни сўраётгандик.

Ҳоким: ким байрам қилмоқчи бўлса, Тошкент ҳаммага очиқ. 9 май байрами ҳар доим ўтказилиб келинади. Бунинг учун шундай катта йўлни ёпиш шарт эмас.

Ташаббускор: одам кўпайиб кетади, хавфсизлик масаласи, ички ишлар ходимлари кузатиб боришлари керак...

Ҳоким: Ходимлар байрамда албатта бўлади. Одам кўпайса, ички ишлар ходимлари ҳам кўпайтирилади.

Бўлган суҳбат шундан иборат.

Лекин тез орада ўша ташаббускорлар гуруҳи Тошкент маъмурияти «Ўлмас полк» акцияси кенг кўламда ўтказилишига қарши эмаслиги тўғрисида эълон қилишди. Ҳокимият эса бундай митингга расман рухсат берилмаганини билдирди. Ҳар ким битта вазиятни ўзича талқин қилди ва охир-оқибат бу ҳам йирик баҳсга айланиб кетди.

Энг қизиғи, ташабускорлар бу акцияни барибир ўтказдилар, ҳокимият бунга қарши чора кўрадими, йўқми, ҳали номаълум.

Кўриниб турибдики, ҳар икки ҳолатдаям аниқ саволга аниқ жавоб йўқлиги, ҳар ким ўзича талқин қилиб, мазмунни ўз ирмоғига буриб кетгани оқибатида мана шундай баҳслар пайдо бўляпти.

Сиёсатда «навбатчи жумлалар» деган ибора бор. Бирор муҳим масала бўйича савол берилганида умумий ва тумтароқ сўзлар билан чекланилади, аниқ жавоб йўқлиги туфайли вазиятдан шундай чиқиб кетилади. Буни кўп кузатгансиз ва бир мисол тариқасида эслаб олишимиз мумкин:

– Маҳалламиз йўллари ўйдим-чуқур, ичимлик суви келтирилмаган, газ йўқ. Бу муаммолар ҳал қилинадими?

– Ҳа, бу маҳалладаги аҳволдан яхши хабардормиз, ишчи гуруҳ бир неча марта ўрганган, аҳоли билан учрашган. Мавжуд муаммоларни давлат дастурига киритганмиз ва ҳал қилиш режалаштирилган. Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан кенг қамровли «Обод қишлоқ» дастури босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда!

Қалай? Қойилмисиз?!

Ҳа, биз бугун ана шундай мужмал сўзлар, дудмал жумлалар, аниқликка маҳтал лафзларга ўрганиб олдик. Ўзимиз ўз сўзимиз турлича талқин қилинишига замин яратиб беряпмиз. Вазият бизнинг фойдамизга ишласа, кўксимизга муштлаб бўйнимизни чўзамиз. Тескари кетса, бизни нотўғри тушунишганини айтиб дод соламиз.

Эркакнинг чўрткесарлиги, аёлнинг бир сўзлилиги тобора камёблашиб бормоқда. Сўзимиз қадри тушмоқда, ундан қоғоз ва видео устун бўлмоқда...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид