Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мактабгача таълим муассасаларида педагоглар кўпаяди
Уларни тайёрлаш учун республикадаги 97 та касб-ҳунар коллежи қайта ташкил этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2019 йилдаги 418-сон қарорида назарда тутилган. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
Ҳар бир вилоятда педагогика йўналишида кадрлар тайёрлайдиган айрим касб-ҳунар коллежлари Мактабгача таълим вазирлигининг педагогика коллежлари этиб қайта ташкил этилади. Қайта ташкил этиладиган таълим муассасалари рўйхати ҳужжатга иловада берилган бўлиб, барча ҳудудлар, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрини (пойтахт педагогика коллежи) қамраб олган.
1 ой муддатда коллежларнинг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида МТВга текинга топширилади. Бунда уларнинг бўш турган биноларига МТВ тизимидаги давлат муассасалари, шу жумладан болалар боғчалари ҳамда уларнинг тайёрлов гуруҳлари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
МТВ қайта ташкил этилган коллежларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади ва уларнинг ташкилий-кадрлар базасини мустаҳкамлаш билан шуғулланади. МТВ ҳузуридаги Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти эса ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш ҳамда амалий ва ахборот ресурслари жиҳатидан кўмаклашиш билан шуғулланади.
Янги педагогика коллежларига умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг 11-синф битирувчилари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатлари, шунингдек академик лицейлар битирувчилари ўқишга қабул қилинади. Қабул квоталарини МТВ белгилайди. Қайта ташкил этиладиган коллежларга ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишни амалдаги ўқув дастурлари асосида тугатадилар.
2019 йил 1 сентябргача тайёрлов йўналишлари ва мутахассисликлар рўйхати, ўқув режа ва дастурлар ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Қайта ташкил этиладиган ўқув муассасалари асосий фаолиятига қўшимча равишда бошқа пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин.
Ҳужжат 20.05.2019 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
18:41 / 23.06.2026
Ўзбекистонда 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди
19:24 / 07.04.2026
Тошкент вилоятида болани ухламагани учун ҳақоратлаб, урган тарбиячи ишдан бўшатилди
08:32 / 17.03.2026
Йирик ва мегалойиҳалар учун параллел экспертиза амалиёти йўлга қўйилади
15:31 / 14.03.2026