Ўзбекистон | 14:10 / 20.06.2019
26817
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: биз монопол эмасмиз!

Бугун, 20 июнь куни Миллий матбуот марказида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги ПФ-5584-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Тадбир давомида «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га нисбатан кўп ишлатилувчи монополия масаласи кўтарилди ва қачон бу ҳолатга барҳам берилиши сўралди.

Бу саволга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК директори ўринбосари Умид Ҳусанов жавоб қайтарди.

«Негадир шу масала кўп кўтарилади. Тўғри, биз республика ҳудудидаги ягона авиаташувчимиз. Лекин монопол ташкилот эмасмиз! Биз ҳеч кимга қарши эмасмиз, келсин, авиакомпания очсин, марҳамат – ишласин. Аксинча, соғлом рақобатда ривожланиш бўлади. Самолёт сотиб олсин, учувчи топсин, зарур ташкилотлар билан келишсин, ишлайверсин», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига МАК молиявий иқтисодий департаменти директори Алишер Сатторов қўшимча қилди.

«Лоукостер, монополия бўйича масалаларда кўпчиликни битта масала қизиқтиради. Арзон нархлар, қулай хизмат. Мана масалан, ўтган йил қиш мавсумида биз энг кўп қатнов уюштириладиган Москва йўналишидаги нархларни 80 еврогача туширдик. Мана шуни лоукостер аломатлари, монополия сусайгани сифатида баҳолаш мумкин. Қолаверса, Россиядан туристик оқим ошиб бормоқда ва кўпчилик бизнинг хизматлардан фойдаланмоқда. Ҳолбуки, Россиядан бизга учиб келишда 9та авиакомпания хизмат кўрсатади. Демак бизни танлашлари бежизга эмас», дейди у.

Мавзуга оид