Ўзбекистон | 18:04 / 29.08.2019
11469
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролар йиғинлари ходимларига санаторийларга бепул йўлланма берилади

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимининг жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомда назарда тутилган маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашининг сўровига мувофиқ тақдим этилиши ва уларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш чораларини кўради. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари рейтинг баҳолаш натижалари бўйича фуқаролар йиғинлари, уларнинг ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларни рағбатлантириш учун зарур бўлган маблағлар маҳаллий бюджетнинг орттирилган қўшимча маблағлари ҳисобига ажратилишини таъминлайдилар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари   фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларга республика ҳудудидаги санаторийлардан бирида соғлиғини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Низомга кўра, фуқаролар йиғинлари фаолиятини рейтинг баҳолаш ярим йиллик ва йил якуни бўйича ўтказилади. Рейтинг баҳолаш қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланади.

Рейтинг баҳолаш натижасида баҳолаш “намунали”, "яхши”, "қониқарли” ва “қониқарсиз” фуқаролар йиғинлари аниқланади ҳамда "намунали” деб топилган фуқаролар йиғинларининг ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахслар моддий рағбатлантирилади.

Фаолияти “яхши” деб баҳоланган фуқаролар йиғинларини намунали қилиш ҳамда фаолияти “қониқарли” ва “қониқарсиз'' деб баҳоланган фуқаролар йиғинлари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланади.

Фуқаролар йиғинлари фаолиятини рейтинг баҳолаш туман (шаҳар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш томонидан амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид