Спорт | 20:40 / 15.09.2019
9603
2 дақиқада ўқилади

Дилшод Рўзметов ғалабали юришини давом эттирди

15 сентябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир вакили муваффақиятли юришини давом эттирди.

-81 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Дилшодбек Рўзметов жаҳон чемпионатидаги иккинчи жангини конголик Пита Кабежи Петерга қарши ўтказди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 1/8 финалга йўл олди.

Дилшод Рўзметов турнирдаги иштирокини саралаш босқичида бошлаган, илк жангда у мўғулистонлик Нармандах Шинебаярни яққол устунлик билан мағлуб этганди.

15 сентябрь кунги жанглар доирасида ўзбекистонлик Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) ҳам рингга чиққан, у бразилиялик Дуглас де Андрадени мағлубиятга учратиб, нимчорак финал босқичига ўтганди.

Бугунги дастурда Ўзбекистон бокс терма жамоасининг яна бир вакили Санжар Турсунов (-91 кг) ҳам турнирдаги иштирокини бошлайди. У бразилиялик Абнер Тейшейра билан жанг нимчорак финал йўлланмаси учун жанг қилади.

Турнир 21 сентябрга қадар давом этади. Турнирда жаҳоннинг 91 мамлакатидан жами 488 нафар спортчи иштирок этмоқда.

Мавзуга оид