Ўзбекистон | 10:53 / 02.10.2019
10687
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига ўзгартириш киритилди 

Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қоидаларнинг 2-бандига (ФҲДЁ органлари, фуқаролар йиғинлари ва Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишга доир ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига, ушбу Қоидаларга ҳамда ФҲДЁ органлари фаолиятига тааллуқли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширади) “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига,” сўзларидан кейин “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига,” сўзлари қўшилди.

18-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинди:

“18. Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди.

Бунда, ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза боланинг ота-онаси, ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири ёки ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс, ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан тақдим этилади.

Бундай ҳолларда ФҲДЕ органи туғилиш фактини тасдиқловчи ҳужжатга қўшимча равишда қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилади.

Агар туғилганликни қайд этиш тўғрисидаги ариза белгиланган муддатдан ўтказилиб берилган бўлса, туғилиш туғилганлик тўғрисидаги далолатномаларни қайд этиш жорий рўйхатга олиш дафтарига қайд этилади, бола тўғрисидаги маълумотлар: фамилияси, исми, далолатнома ёзуви тартиб рақами, санаси боланинг ҳақиқий туғилган йилидаги ҳамда жорий йилда юритилган Алфавит дафтарларга ёзиб қўйилади”.

148-бандда (Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлганда ва манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда, ушбу ёзувлар сақланаётган жойдаги, агар улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган бўлса, ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади):

қуйидаги мазмундаги тўртинчи - олтинчи хатбошилар қўшилди:

“Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин.

Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш яқин қариндош(лар) ёки меросхўр(лар)нинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилади”;

тўртинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисобланади.

149-банднинг (Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади) ўнинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“далолатнома ёзувларида имловий хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ҳақидаги ёзув мавжуд бўлмаганда”.

Мавзуга оид