Жаҳон | 20:40 / 03.11.2019
50485
3 дақиқада ўқилади

Бағдодда ҳаммаёқ нотинч. Намойишчилар асосий йўлларни тўсиб қўйишди

Норозилик акциялари иштирокчилари Ироқ пойтахтидаги магистрал йўлларни тўсиб қўйишди.

Намойишчилар ўз автомобилларини пойтахтдаги асосий йўлларда қолдириб, йўл ҳаракатини тўхтатишган. Полиция уларнинг ҳаракатларига тўсқинлик қилмаяпти.

Октябрь ойидан буён Бағдодда ҳукуматга қарши чиқишлар давом этмоқда, бу намойишларда ўн минглаб кишилар иштирок этмоқда. Коррупция, ишсизлик даражаси юқорилиги ва давлат хизматларининг қониқарсиз фаолияти - ёш ироқликларнинг норозиликлари учун асосий сабаблардир.

Намойишчи автомобил ғилдирагини ёқмоқда / REUTERS

Хавфсизлик хизмати ходимлари билан тўқнашувларда шу вақтгача жами 250 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган. Бағдодда октябрь ойи охирида комендантлик соати жорий этилган, аммо намойишлар тинмаяпти.

Ўтган ҳафтада Ироқ президенти Барҳам Солиҳ агар партиялар унинг ўрнига номзод топа олишса, мамлакат бош вазири Одил Абдул Маҳди истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

Бағдодда нималар бўлмоқда?

Якшанба куни пойтахтдаги асосий магистралларда ҳаракат тўхтатиб қўйилди.

Бағдоддаги баррикада / REUTERS
Намойишлар маркази Таҳрир майдони / REUTERS

Ўқув муассасаларида иш ташлаш уюштирилмоқда, давлат ташкилотлари ёпилган.

«Биз ҳукуматга ўғри ва коррупционерлар улоқтириб ташланмагунча ва амалдаги ҳукумат қулатилмагунча намойишлар давом эттирилиши ва йўллар ёпиқ туришини англатиб қўймоқчимиз. Биз давлат хизматчилари ўз иш жойларига етиб олишларига йўл қўймаймиз, фақат гуманитар фаолият билан шуғулланувчи ходимлар бундан мустасно», дейди  намойишларнинг 25 ёшли иштирокчиси Таҳсин Носир.

Воқеалар маркази пойтахтдаги Таҳрир майдони бўлмоқда.

У ерда тўпланган намойишчилар кўприк орқали давлат муассасалари ва хорижий элчихоналар жойлашган Яшил ҳудудга ўтишга ҳаракат қилишмоқда.

Намойишлар Бағдоддан жануби-шарқда жойлашган Кут шаҳрида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Якшанба куни пойтахт жанубидаги кўплаб мактаблар ва давлат муассасалари ёпилди.

Намойишлар нима билан боғлиқ?

Бир йил муқаддам Ироқ бош вазири бўлган шиалар ҳаракати фахрийси Абдул Маҳди ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилганди, аммо амалда бу ваъдалар бажарилмади.

1 октябрь куни Бағдод кўчаларига ишсизлик ва коррупцияни йўқотишни талаб қилган минглаб ёшлар чиқишди.

Хавфсизлик хизмати кучлари намойишчиларга қарши қурол ишлатди, ўнлаб намойишчилар ҳалок бўлди, шундан сўнг норозилик акциялари мамлакатнинг қолган қисмларига ҳам ёйилди.

Намойишларнинг биринчи тўлқини 6 кун давом этди ва жами 149 киши ҳалок бўлди. Бош вазир Абдул Маҳди ўз ҳукуматида ўзгаришлар ўтказишни, юқори маош олувчи амалдорларнинг ойликларини қисқартиришни ва ёшлар орасидаги ишсизлик даражасини камайтиришни ваъда қилди.

Аммо октябрь ойи охирида намойишчилар ўз талаблари бажарилмаслигига амин бўлгач яна кўчаларга қайтиб чиқишди.

Мавзуга оид