10:09 / 22.11.2019
3
31480

«Снослар» бўйича қарздорлик энг кўп ҳудудлар маълум қилинди

Андижон вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида бундай қарздорликлар аниқланмаган.

Фото: KUN.UZ

21 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мажлисда депутат Расул Кушербаев ҳукумат аъзоларига жисмоний ва юридик шахсларга тегишли хусусий мулкларни бузганлик учун йиғилиб қолган қарздорликларни йил охиригича тўлиқ таъминлаш кафолатини бериш юзасидан ҳукумат вакилларига савол билан мурожаат қилди.

Расул Кушербаев
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг айтишича, 3 августдаги президент фармойиши асосида Ҳисоб палатаси раҳбарлигида барча ҳудудларда ишчи гуруҳлар тузилиб, қарздорлик инвентаризация қилиб чиқилган, яъни ялпи хатловдан ўтказилган.

Хатлов натижасида 4378та турар ва нотурар-жой объектлари бўйича 1,1 трлн сўм қарздорлик аниқланган. Шундан:

  • Тошкент шаҳрида 600 млрд сўм,
  • Тошкент вилояти – 210 млрд сўм,
  • Қашқадарё – 68 млрд сўм,
  • Сурхондарё – 56 млрд сўм,
  • Фарғона вилояти – 45 млрд сўм,
  • Жиззах вилояти – 43 млрд сўм,
  • қолган барча ҳудудларда 68 млрд сўм.

«Фақат 2та ҳудудда, яъни Андижон вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида бундай қарздорликлар аниқланмади», – деди Ёрқин Турсунов.

Ёрқин Турсунов

Вазир ўринбосарига кўра, аниқланган қарздорликлар бўйича президентга ахборот берилган ва уларни қоплаш йўллари бўйича таклифлар тайёрланган.

«Таклифлар қарздорлик миқдори юқори бўлган ҳудудларга республикадан пул берилмаса, имконият мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган», дея қўшимча қилди у.

1,1 триллион сўмлик қарз қандай қопланади?

«Қарздорликнинг 174 млрд сўми республикадан қоплаб берилади. 183 млрд сўми маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳамда 733 млрд сўмини, яъни асосан нотурар жой объектларидан қарздорликни қўшимча ер участкаларини ажратиш, бўш турган биноларни бериш ва бошқа имкониятлар ҳисобидан қоплаб бериш бўйича таклиф ишлаб чиқдик.

Таклиф президентимиз томонидан маъқулланди. 2019 йилнинг 14 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди», деди Ёрқин Турсунов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top