00:52 / 30.11.2019
5
74526

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Тошкентдаги учрашувда нималарга келишиб олишди?

29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар иштирок этди.

Давлат раҳбарларининг учрашувлари

Биринчи бўлиб 28 ноябрь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов амалий ташриф ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.

Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг Туркманистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Туркманистон президентининг Ўзбекистонга амалий ташрифи 28 ноябрь куни икки давлат раҳбарларининг учрашуви билан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар ва уларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик даражасига кўтарилган кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Музокаралар чоғида амалий ҳамкорлик масалаларига, жумладан, ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлар ўртасида, шунингдек, маданий-гуманитар соҳада фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши хусусида якдил фикр билдирдилар.

Шу куни Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фахрий академиги унвонини беришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

 

Мамлакатимиз Фанлар академияси ушбу қарорни Туркманистон президенти халқаро илмий доираларда кенг танилган ва эътироф этилган олим, замонавий тиббиёт, фармакология, иқтисодиёт, архитектура ва фаннинг бошқа соҳаларини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёнинг бой табиатини ўрганишга бағишланган қатор илмий қомусий асарлар муаллифи эканлигини инобатга олган ҳолда қабул қилди.

Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, ушбу қарор Туркманистон президентининг илм-фан соҳаларини ривожлантириш, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларига улкан ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари охирги йиллар кўп асрлик алоқалар тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани ва бугунги кунда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тобора ривожланаётганини қайд этди.  

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, ўз навбатида, президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Фанлар академиясига кўрсатилган юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди, бу Туркманистонга ҳурмат-эҳтиром ифодаси, мамлакатнинг фан ва таълим соҳаларидаги ютуқлари эътирофи, халқларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамлигидан далолат эканини таъкидлади.

Туркманистон раҳбари кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар боғлаб турган мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлиги ўзаро манфаатларга ҳам, бутун минтақа фаровонлиги йўлидаги мақсадларга ҳам мос эканини қайд этди.

Гурбангули Бердимуҳамедов президент Шавкат Мирзиёевнинг икки давлат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш, унга янги суръат бағишлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади. Ўзбекистон раҳбари билан мунтазам ва самарали учрашувлар доимо дўстона ва ишонч руҳида ўтаётгани ва аниқ келишувларга эришишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Тадбирда илм-фан ва маданият намояндалари, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган туркман миллати вакиллари сўзга чиқиб, Туркманистон президентини юксак унвон билан табриклади.

Маросимда икки мамлакатнинг расмий делегациялари аъзолари, академик доиралари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 28 ноябрь куни кечқурун Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Иккинчи маслаҳатлашув кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга келди ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, энергетика, транспорт, таълим, маданият ва сармоялар соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари икки давлатнинг кўплаб соҳалардаги ҳамкорлигидан мамнун эканлигини билдирди.

Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёевни Душанбе шаҳрига расмий ташриф билан боришга таклиф қилди.

28 ноябрь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди.

29 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келди.

29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Нурсултон Назарбоевни Ўзбекистонга ташрифи билан самимий қутлаб, унга Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари етакчилари учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.

Элбоши Нурсултон Назарбоев, ўз навбатида, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор 2018 йил Остона (айни пайтда – Нур-Султон) шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани ҳамда шерикликнинг амалий лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдон бўлаётганлигини таъкидлади.

Учрашувда икки томонлама муносабатларга оид, шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбой Жээнбеков билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ортаётгани, гуманитар алмашинувлар жадаллашгани алоҳида таъкидланди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Томонлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Тошкентдаги маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.

Муҳим ташаббуслар илгари сурилди

Саммит ишида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев,  Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбой Жээнбеков,  Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Делегациялар раҳбарларининг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.

Сўнг давлат етакчиларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ҳамкасбларини самимий қутлаб, ушбу учрашув ҳаёт талаби, томонларнинг яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва шерикликни кенгайтиришга интилиши ифодаси эканини таъкидлади. 

– Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз. Халқларимизнинг тарихи ва тақдири, келажаги чамбарчас боғлиқ. Бу эса минтақамизни бирлаштирувчи катта кучдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарни келишиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Бу, аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришдир. Катта бозорга эга, табиий хомашё ва инсон ресурслари салмоқли бўлган минтақамизнинг рақобатдош устунликларини имкон қадар тўлиқ ишга солиш муҳим. Қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, минтақа ичидаги савдони кенгайтириш, иш ўринларини яратиш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги имкониятларни аниқлаш ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш лозим.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, аграр тармоқда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр экани билдирилди.

Президент шу мақсадда Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари инвестициявий форумини ташкил этиш, савдо-саноат палаталари раҳбарлари учрашувларини ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.

Иккинчи муҳим йўналиш – минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш.

Марказий Осиёнинг транспорт тизими яратилаётган замонавий логистика инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда минтақа ичида узлуксиз коммуникацияни таъминлаши, шунингдек, тобора ортиб бораётган транзит оқимларига самарали хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузилишини, Марказий Осиё транспорт тизимини биргаликда ривожлантириш бўйича дастур ва битимнинг келишилишини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Учинчидан, минтақанинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш, замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.

Мамлакатларнинг улкан туризм салоҳиятини амалга ошириш яна бир истиқболли йўналишдир. Давлат раҳбари бунинг учун Марказий Осиёнинг ягона, кўпчилик танийдиган туризм бренди, минтақа учун умумий бўлган жозибадор туризм маҳсулотларини шакллантириш лозимлигига эътибор қаратди.

Шу мақсадда президент “Марказий Осиё бўйлаб саёҳат” халқаро туризм конференциясини ўтказиш таклифини билдирди.

Шавкат Мирзиёев сувдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ҳал этишга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишни таклиф этди, Афғонистонда тинчлик, миллий муроса ва иқтисодий тикланишга эришишга кўмаклашиш йўлида минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим эканини таъкидлади.

Мирзиёев: Марказий Осиё давлатларининг ўзаро яқинлашуви - ортга қайтмайдиган жараён

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг музокаралари кенгайтирилган таркибда давом этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мажлис иштирокчиларини қутлар экан, иккинчи Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши манфаатларнинг ўзаро муштараклиги, мамлакатларимиз минтақавий тараққиётнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ва биргаликда қарорлар қабул қилишга тайёр эканини яна бир бор яққол тасдиқлашини таъкидлади.

– Сиёсий ирода ва амалий қадамларимиз туфайли биз ҳамкорликнинг янада юқори босқичига кўтарилмоқдамиз, – деди давлат раҳбари. – Бизнинг ҳамжиҳатлигимиз ва фаол саъй-ҳаракатларимиз кўпқиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб берди. Биз қисқа муддатда биргаликда, амалда олдинга силжишга эришдик.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 2 баробарга, қўшма корхоналар сони 4 баробарга ўсди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан чегараларнинг ҳуқуқий расмийлаштириш ишлари якунланиш арафасида, олтмишга яқин ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолияти таъминланди, визалар бекор қилинди. Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.

Ўтган йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ҳамда мамлакатларимизнинг бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Ишчи гуруҳнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди.

Буларнинг барчасида барқарор бир тенденция – давлатларимизнинг мустақил роли ва умумий келажак учун масъулияти кучайиб бораётгани намоён бўлмоқда, деб таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари минтақавий ва глобал масалалар бўйича тобора кўпроқ умумий позициядан туриб фикр билдираётганини мамнуният билан қайд этди.

– Бизнинг минтақадаги ўзаро яқинлашувимиз ва ҳамкорликни кенгайтиришимиз – бу замон талаб қилаётган ва орқага қайтмайдиган жараён эканини таъкидламоқчиман. У қатъий сиёсий қарорга асосланган бўлиб, чуқур тарихий омилларга эга ва кимнингдир манфаатларига қарши қаратилган эмас, – деди президент.

Давлат раҳбари учрашув иштирокчиларини савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги вазифаларни амалга ошириш учун бутун куч ва имкониятларни сафарбар этишга чақирди.

Шу муносабат билан, Марказий Осиё инвестиция форуми ва мамлакатларимиз савдо-саноат палаталарининг илк йиғилишини ўтказиш, шунингдек, Транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузишни тезлаштириш, “Бир саёҳат билан бутун минтақа бўйлаб” тамойили асосида қўшма дастурларни илгари суриш учун Халқаро туризм конференциясини ташкил этиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари Парламентлараро дўстлик гуруҳини таъсис этиш ҳамда “Марказий Осиё – ягона ўтмиш, умумий келажак” шиори остида маданий-гуманитар алмашув платформасининг яратилиши бизнинг барча халқларимиз манфаатларига жавоб бериши таъкидланди. 

Президентимиз илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида эришилган салмоқли ютуқлар учун Марказий Осиё мукофотини таъсис этиш, шунингдек, университетлар форумлари ва минтақавий спорт ўйинларини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

– Ҳар йили Наврўз байрами арафасида навбати билан ҳар бир мамлакатда Марказий Осиё маданият кунларини ўтказишни муҳим деб ҳисоблаймиз. Буларнинг барчаси қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сувдан биргаликда фойдаланишнинг долзарб масалаларини,  минтақанинг мураккаб сув ва экологик муаммоларини ҳал қилишнинг барча учун мақбул ечимини излаш ўзаро келишилган ёндашувларни талаб этади. Инновацион технологияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини татбиқ этиш, чўллашишни бартараф қилиш ва бошқа комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Ўзбекистон президенти БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди имкониятларини самарали ишга солишни таклиф этди.

Энг муҳим устувор вазифа – минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат эканини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга кенг миқёсда қарши туриш учун мамлакатларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ва махсус хизматларининг оператив ҳамкорлик қилиши бўйича ишчи механизмларни яратиш тарафдори эканини таъкидлади.

– Афғонистон минтақамизнинг узвий бир қисмидир. Ушбу диёрга тинчлик ва тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйиши учун ёрдам бериш – барчамизнинг умумий манфаатларимизга тўлиқ мос келади. Муаммони сиёсий йўл билан ҳал қилиш борасидаги асосий тамойилларга амал қилиш зарур деб ҳисоблаймиз. Авваламбор, бу – зўравонликдан воз кечиш, ўт очишни тўхтатиш, мулоқот ва муросага тайёрликни намоён этишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Афғонистонда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга фаол жалб этишга қаратилган келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ўта муҳимдир.

Президентимиз бу устувор вазифалар Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ягона қараш ҳужжатида ўз аксини топишига ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларини ўзаро ҳамкорликнинг асосий мақсад ва тамойилларини келишиб олишга, инсон, капитал, товар ва хизматларнинг ҳаракати, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиб бериш, Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлашнинг амалий механизмларини шакллантириш ва йўлга қўйишга чақирди.

Туркманистон президентининг таклифига биноан давлат раҳбарлари Қозоғистоннинг биринчи президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Фахрий раиси этиб бир овоздан сайладилар.

Навбатдаги Маслаҳат учрашуви Қирғизистонда ўтказилади

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев музокаралар анъанавий дўстлик ва ўзаро англашув руҳида ўтганини, давлат раҳбарларининг минтақада ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши ва қатъий сиёсий иродасининг яққол ифодаси бўлганини таъкидлади.

– Биз ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш йўлида бутунлай ҳамфикр эканимизни яна бир бор тасдиқладик. Учрашув долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича бизнинг қараш ва ёндашувларимиз, ўзаро жуда яқин эканини намойиш этди, – деди давлатимиз раҳбари.

Учрашувда савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини янада кучайтириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгани маълум қилинди.

Томонлар ҳудудлар даражасида фаол алмашинувлар ва  мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида қўшма тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.

Музокаралар чоғида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилгани айтилди.

Куннинг биринчи қисмида бўлиб ўтган музокаралардан кейин Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Кўксарой қароргоҳидаги фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчатлар ўтқазди. Шундан кейин сиёсатчилар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди ва Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этишди.

Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш регламенти маъқулланди.

– Бизни муштарак тарих ва маданият, ягона муқаддас дин, ўхшаш менталитет, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар, ҳамда ажралмас дўстлик чамбарчас боғлаб туради. Буларнинг барчаси, халқларимиз фаровонлиги ва равнақи йўлида Марказий Осиё давлатлари салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви доирасидаги тадбирлар якунига етди.

Делегациялар раҳбарлари аэропортга биргаликда келдилар. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари раҳбарларини шахсан кузатиб қўйди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви келгуси йили Қирғизистонда ўтказилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top