Ўзбекистон | 17:29 / 30.11.2019
8394
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби соддалаштирилади

Фото: Shutterstock

Олий Мажлис Сенати Ялпи мажлиси давомида сенаторлар “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, Қонун Ўзбекистон Республикаси президентининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 21 майдаги фармонидан келиб чиқиб, шунингдек қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилди. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 25 та қонуни, 12 та кодекси, шунингдек қонунлар билан тасдиқланган 17 та низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Навбатдаги муҳокама мавзуси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бўлди.

Қонуннинг мақсади болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан иборат. Қонун Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Масалан, янги нормаларда вояга етмаганлар, ўзининг жисмоний нуқсонлари ёки руҳий бузилишлари туфайли ҳимояланиш учун ҳуқуқлардан фойдаланишда қийинчилик ҳис қилаётган шахслар бўйича ҳимоячини рад этишга йўл қўймаслик назарда тутиляпти.

Мазкур қонун ҳам сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнг Сенат аъзолари “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қонуннинг мақсади тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, шаффофликни ошириш орқали коррупция омилларининг олдини олишдир. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Фуқаролик кодексига фаолият рухсатномасисиз (лицензиясиз) ёки қонунда тақиқланган ҳолда амалга оширилган тақдирда, суднинг қарорига кўра юридик шахсни тугатиш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиш киритиляпти.

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид