Эслатма: Зўравонлик тарғиботи учун жавобгарлик бор
Кейинги пайтларда бевосита ёки билвосита зўравонлик, шафқатсизлик тўғрисидаги материаллар ОАВ, интернет сайтларида, айниқса, унинг миллий сегментида кўпайиб қолди.
Ажабланарлиси, айни пайтда афсусланарлиси ҳам шундаки, айрим марказий нашрлар, медиа марказлар томонидан тайёрланиб, эфирга узатилган бир қатор материалларда зўравонлик ёки шафқатсизлик фактлари намойиш этилди. Албатта, бу материалларни тайёрлашдан мақсад бузуқ бўлган дейишга ҳаққимиз йўқ. Бу материаллар, эҳтимол, кўпроқ аудитория йиғиш, маълум бир ҳодиса, унинг иштирокчилари хатти-ҳаракатларини қоралаш учун тайёрлангандир. Лекин муаммо шундаки, инсон онги ахборотни турлича қабул қилади, таҳлил этади. Баъзан тарқатилаётган ахборот тескари натижа бериши, айрим шахслар руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин.
Қора тарғибот
Жумонг ҳақидаги фильмдан таъсирланган ёш бола ўз қариндошини пичоқлаб қўйган ҳолатни эслайлик.
Айрим нашрларда қонга булғанган пичоқнинг тасвирини келтириш оддий ҳолатга айланиб қолди. Деярли барча янгилик тарқатувчи интернет сайтларда «Aurum 898» тунги клубидаги қотиллик видеоси тарқатилди. Буни тарқатишнинг ўзи фожиа, жиноят эмасми? Қанча инсонлар руҳияти бундан зарар кўрди. Бу ваҳшийликни тарқатишнинг ўзи ваҳшийлик-ку?
Тўғри, мамлакатимиздаги нашрлар, умуман ахборот соҳаси ўзига хос трансформация жараёнида. Уни бўғиб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Бироқ ахборот тарқатиш соҳасида маълум қоидалар бор, уларга амал қилишимиз даркор. Умуман, бу борада бизда маънавиятимиз, менталитетимизнинг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинган ахборот маданияти шакллантирилиши керак.
Собиқ иттифоқ Давлат хавфсизлик қўмитасида раис биринчи ўринбосаригача лавозимларда ишлаган Филипп Бобковнинг «Сўнгги йигирма йил» номли асарида шундай воқеа келтирилади. 70-йилларнинг ўрталарида Литванинг Каунасе шаҳрида ёш йигит ўзини ёқиб юборади. Кутилмаганда бу ҳолат эпидемияга ўхшаб кенг тарқала бошлайди: ёшлар ўзига бензин қўйиб, ёқиб юбориш ҳолатлари, айниқса Ғарб журналистлари олдида кўпаяди. ДХҚ агентлари унинг сабаблари, ташаббускорларини топиш учун роса изланишади. Бироқ улар натижасиз тугайди. Шунда Ф.Бобков билан учрашиб қолган Италия контрразведкаси вакили Италияда ҳам шунга ўхшаш қуйидаги воқеа бўлганини гапириб беради. Ёш, чиройли қиз черковнинг аборт масаласига ёндашуви, умуман, жамиятга алоҳида шахслар томонидан жабр-ситам ўтказилишига норозилик сифатида ўзини деразадан ташлайди. У дабдаба билан сўнгги йўлга кузатилади. Шундан кейин ёш италиялик қизчалар ўртасида биноларнинг деразасидан ва томдан ташлаб ўзини ўлдириш кўпаяди. Бу «қора серия»ни тўхтатиш учун давлат барча чораларни синаб кўради. Аммо самара бермайди. Кунлардан бирида ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган қизлардан бири ўлмай қолади. Ундан нега бундай қилганини сўрашганда, қизча ҳаммани ҳайратга солиб «бундай кўмиш маросимлари қандай чиройли» эканлигини айтади.
Телбалик. Шундай эмасми? Шундан кейин Италия ҳукумати барча сиёсий қидирув амалиётларини тўхтатиб, бундай кўмиш маросимларини жуда тор доирада, қатъий тартибда, овоза қилмасдан ўтказиш чораларини кўради. Натижа ҳайратланарли даражада бўлади, худди сеҳр қилинганидек бундай ўз жонига қасд қилишлар тўхтайди. Шундан сўнг ДХҚ ҳам бу усулни ўзида қўллашга шошади. Ўзини ёқиб ўлдирган шахсларни сиёсатга боғламасдан, тергов қилмасдан, камтарона кўмиш ташкил қилинади. Натижада ўзини ёқувчилар ўз-ўзидан йўқолади.
Бу ҳикояни келтиришдан мақсад баъзан ёмон хабар, қилиқлар қанчалик тез тарқалиши ва шунга ўхшашга ҳаракатлар кўпайиши ҳақидадир. Мамлакатимиз нашрларида ёритилаётган қотилликлар, ўз жонига қасд қилишлар тафсилотидан кейин айрим шахслар шунга ўхшаш хатти-ҳаракатни содир этмаслигига ким кафолат бера олади?
Даҳшатдан даҳшатланмаслик синдроми
Психологларнинг фикрича, шафқатсизлик билан боғлиқ бўлган видеороликларнинг интернет тармоқларида кўпайиб бориши, шубҳасиз, инсон психикасига салбий таъсир кўрсатади. Бундай видеороликларни сурункали кўриб бориш эса инсон томонидан агрессив хулқ-атворни нормадаги ва мақбул хатти-ҳаракат деб тушунишига олиб келади. Бундай кўринишдаги саҳналар инсонларнинг ҳис-туйғуларини сусайтириб боради, бу ўз навбатида инсонлар реакциясида шафқатсизликка, зўравонликка бўлган ҳис-туйғуни ҳам сусайтиради. Бунинг оқибатида шафқатсизликлар инсонларни шок ҳолатига туширмай қўяди ва аста-секин бу нарса уларга мақбул бўлиб бораверади. Яъни даҳшатли, қўрқинчли ва жирканч нарсаларга нисбатан табиий норозилик ҳисси ўлади, даҳшатдан даҳшатланмаслик одати пайдо бўлади.
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси бошқарув раиси Ҳ.Маҳмудова ушбу ҳолатнинг яна бир кўриниши болаларда қўрқув туйғусини пайдо қилишида намоён бўлишига эътиборни қаратади. Бундай шафқатсизликни кўрган болаларда унинг фаровон ҳаётига таҳдид солувчи, бутун дунё шундай одамлардан мавжуд деган фикрни келтириб чиқаришига олиб келиши мумкин. Унинг оқибати уларда даҳшатли тушларни кўриш, ҳар хил ёмон фикрлар пайдо бўлишига олиб келади, бу ўз навбатида бола руҳиятини қамраб олиб, узоқ вақт давом этиши мумкин. Бу эса болаларда ижтимоий мослашувни кескинлаштиради, характерда оғишларни келтириб чиқаради, эмоционал-иродавий жабҳаларига таҳлика солади.
Зўравонликни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик бор!
Ахборот тўғрисидаги барча қонун ҳужжатларида зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш қатъий тақиқланган.
Шу ўринда бу борадаги қонун ҳужжатлари нормаларини ўқувчиларга эслатиб ўтишни вазифамиз деб билдик.
Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларидан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 121-моддасига асосан веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан зўравонлик ва терроризмни тарғиб қилиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.
«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган.
Ҳатто ўтган йили келажак авлодни, шу жумладан, зўравонлик ва шафқатсизлик таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган махсус «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Бундан олти йил муқаддам бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 1891 ва Жиноят кодексига1301-моддалар киритилиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланди. Бу нормалар киритилишининг ўзига хос сабаблари, асослари бор.
Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари бири деб белгиланган.
Албатта, бу тизимни ривожлантиришни фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолияти етарли эмас. Улар, аввало, бонг уриши, кейинги пайтларда қонунчилик билан уларга берилаётган имконият ва ваколатлардан унумли фойдаланиши зарур. Гап, биринчи навбатда, уларнинг жамоатчилик назоратини амалга ошириши, давлат органлари билан ижтимоий шериклик асосида айнан зўравонлик ва шафқатсизлик тарғиботига қарши биргаликда кураши ҳақида бормоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси сингари ташкилотлар бу борада фаолиятини кучайтириши зарур. Қолаверса, бу йўналишда сиёсий партияларнинг фаол бўлиши мақсадга мувофиқ.
Умуман, зўравонлик ва шафқатсизлик кўринишлари мавжуд, кенг омма кўришига мўлжалланган барча материаллар тарқалиши устидан самарали давлат ва жамоат назорати тизими шакллантирилиши бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Х.Мелиев,
Адлия вазирлиги масъул ходими
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
10:40 / 06.11.2024
Психологик ёрдам кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
13:38 / 23.10.2024