Ўзбекистон | 11:00 / 27.01.2020
66266
6 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев Оққўрғондаги ариқ воқеаси бўйича илк бор изоҳ берди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг янги «Айтинг-чи…» лойиҳасининг илк меҳмони бўлди.

Тет-а-тет жанридаги интервью шаклидаги лойиҳада вилоят ҳокими блогернинг кўплаб саволларга жавоб берган. Жумладан, бош вазир ўринбосари лавозимидан олинишига сабаб бўлган «ариқ» воқеаси масаласида ҳам бироз ойдинлик киритган.

«Орқага қараб хулоса қилиб олиш учун вақт бўлди. Битта нарса аниқки, хатога йўл қўйдингизми — жавобини бериш керак», — деган Зойир Мирзаев.

Интервьюда ҳоким Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида рўй берган шов-шувли воқеа тафсилотларига тўхталмасдан, асосан бу воқеадан қандай хулосалар чиқаргани ҳақида гапириб ўтган.

«У воқеаларни эсламасдан илож йўқ. Сабаби — мабодо шу саволни бермаганингизда ҳам, «шунча нарсани сўрабсану, нега буни сўрамадинг», деган саволлар ёзиларди.

Биласизми, юқорида айтганимдек, ҳеч ким хатодан холи эмас. Орадан вақт ўтар, бу нарсанинг таги, негизида нималар бўлганини бутун халқимиз билади. Бу албатта, менинг хатом бўлган. Замон ўзгарганини ҳазм қила олмаганим, замонга мослаша олмаганим. Очиқликни ҳамма ҳам бирдан ҳазм қила олмайди.

Масаланинг иккинчи тарафи ҳам борки, биз раҳбар сифатида нишондамиз. «Сен мана шундай хатоликка йўл қўйдинг, бунга нима сабаб бўлди ўзи?», деб ўша кунлари кўпчилик мени изласа ҳам бўлар эди-ку? Лекин ҳеч ким изламади.

Мен шу пайтгача шу тўғрисида гапирмадим, бугун оғиз очдим. Ҳали воқеанинг ҳақиқий негизини холисона эшитамиз ҳам, кўрамиз ҳам. Бу нарса бўлади. Лекин бир жиҳатни айтишим керак: ўзингиз қатори юрган халқни камситиш учун одамда юрак бўлмаслиги керак, у одам бошқача одам бўлиши керак. Биз унақа тарбия кўрмаганмиз. Мени ишга ўргатган, тарбиялаган инсонларнинг барчаси — домлаларим, ўқитувчиларим — бундай тарбия беришмаган. Бу шахсан ўзимнинг камчилигим. Ўшанда нима бўлган бўлса, ўзим лоқайдлик қилганман, қайсидир маънода.

Ҳаёт бир текис эмас, ҳамма нарса курашдан иборат. Албатта, лавозим бор экан, мансаб бор экан — талаш бўлади.

Бугунги кунга келиб ўша воқеадан нима хулоса бўлди, деб сўраладиган бўлса, сиз гапираётган ҳар қандай одамнинг ҳам ғурури ва нафсонияти бор, уни топташга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Қўллаб-қувватлаган инсонларнинг кучи билан, кечиримли бўлган раҳбарларимизнинг шарофати билан шу жойларда ўтирибман. Забардаст, бағрикенг, бор нарсани борлигича қабул қиладиган Қашқадарё халқи билан ишлаш насиб қилган экан, мен бундан фақатгина фахрланишим керак, Худога минг шукр қилишим керак. Бу ишончни қай тарзда оқлаш тўлақонли ўзимга боғлиқ», — деган ҳоким интервью чоғида.

Жумладан, ҳоким ўша кунлари 12 кун ишсиз қолганида, китоб ўқиш билан бу вазиятни енгиб ўтганини гапириб берган.

«Мен, масалан, ўшанда ўзим бекор қолган даврим кўп эмас, 12 кун бўлган, 12 куннинг ичида, менда ҳар доим хонамда китоб турарди, Марсел Брионнинг «Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур» китобини уч йил ўқий олмаганман. Келаман, бир варақ ўқийман, ёпиб қўяман. Кабинетда турарди… Лекин ўқий олмаганман. Лекин ўша китобни 9 кунда ўқиб тугатдим», деган у.

2018 йилнинг 26 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блокнотлар кўтаришидан ҳокимият вакиллари экани кўриниб турган 6 киши ариқ сувида қўл қовуштириб турган ҳолати тасвирланган сурат тарқалди. Интернетдагилар уларга «Ариқдаги олтовлон» деб ном беришди.

Кейинроқ маълум бўлдики, бу ҳолат Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев Оққўрғон туманига ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнини текшириш учун келганида рўй берган, ишда камчиликларга йўл қўйган мансабдорлар шу тариқа жазоланган эди.

Худди шу вақтда бошқа бир 6 киши улкан кесаклар кўтарган ҳолати тасвирланган сурат ҳам тарқалганди. Уларга «Тош кўтарган олтовлон» деб ном беришди. Бу сурат ҳам бош вазирнинг Тошкент вилоятига сафари вақтида, Бекобод туманида олинганди. Суратдагилар «яхши тайёрланмаган майдонга буғдой уруғини қадалиши»га йўл қўйган масъуллар сифатида жазоланган турли даражадаги амалдорлар эди.

Бу суратлар бутун дунёга тарқалиб кетиши ортидан, 29 октябрь Зойир Мирзаевни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармон эълон қилинди (ҳодисага баҳо берар экан, вазиятни шармандали деб атаган Абдулла Арипов президент уни 27 октябрь куниёқ ишдан ҳайдаганини маълум қилди), кейинроқ Жиззах вилоятидаги Жиззах туманига (Шароф Рашидов) раҳбар этиб жўнатилди. Шунингдек, Оққўрғон туманида олти киши ариққа туширилишига гувоҳ бўлган Тошкент вилояти прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқалар лавозимидан олинди.

Бу воқеалардан бир йил вақт ўтиб Зойир Мирзаев 2019 йилнинг октябрида Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлди.

Мавзуга оид