Ўзбекистон | 17:26 / 04.02.2020
16687
4 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Ўзбекистон аҳолисининг волонтёрликка муносабати қандай?

Респондентларнинг чорак қисми волонтёрлик нималигини билмаслигини айтган. Кўпчиликнинг фикрича, муаммоларга бефарқлик ва моддий шароит – волонтёрликни ривожлантиришдаги асосий тўсиқлардир.

«Street Law» лойиҳаси / Фото: Бухоро вилояти Адлия бошқармаси

Декабрь ойида Ўзбекистонда «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида» қонун қабул қилинган эди. Ю-Репорт лойиҳаси Ёшлар иттифоқи билан бирга мамлакат ёшларининг волонтёр фаолиятига муносабатини ўрганди.

Сўровномада бутун мамлакат бўйлаб 4500дан ортиқ респондент қатнашган, уларнинг 38 фоизи – хотин-қизлар.

Волонтёрлик ҳақидаги сўровноманинг асосий натижалари

1. Респондентларнинг аксарияти (68 фоиз) улар волонтёрлик нималигини билишларига ишонишади, респондентларнинг 26 фоизи эса бу қандай фаолият эканини билишмайди.

2. Ю-Репортёрларнинг ярмидан кўпи (58 фоиз) волонтёрликни «эзгулик учун беғараз меҳнат» билан боғлашади. 14 фоизи эса «ватан равнақи учун ёрдам» вариантини танлашди.

3. Респондентларнинг 18 фоизи улар ҳозирда волонтёр эканликларини айтишган ва бу вариант барча ёш тоифаларида тенг равишда танланган. Ю-Репортёрларнинг 1/3 қисми ҳеч қачон волонтёр бўлмаган, шу билан бир вақтда 1/4 қисми аввал волонтёр бўлишган. Сўров иштирокчиларининг 1/5 қисмида волонтёр бўлиш истаги бор, лекин буни қандай қилишни билмайди.

4. Таълим лойиҳалари – волонтёрлик фаолиятнинг энг жозибали соҳаси. Респондентларнинг 20 фоизи ушбу вариантни танлади. Иккинчи ўринда – ёшлар билан ишлаш (17 фоиз).

5. Қизиғи шундаки, таълим соҳасида волонтёрлик қилиш 35 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар учун энг жозибали бўлди.

6. Сўровда қатнашган ёшларнинг аксарияти (60 фоиз) одамларга ёрдам бериш истаги уларни волонтёрлик билан шуғулланишга ундайди, дея эътироф этишган. Иккинчи энг муҳим рағбатлантирувчи омил – бу ўз-ўзини ривожлантириш истаги (13 фоиз). Учинчи ўринда – бир жамоанинг қисми бўлиш истаги (11 фоиз).

7. 38 фоиз респондентларнинг фикрига кўра, бугунги кунда ОТМ талабалари кўпроқ волонтёр бўлишади. Қуйидаги вариантлар 10 фоиздан овоз олди: катталар (30 ёшдан катта), ишлаётган ёшлар ва мактаб/коллеж ўқувчилари.

8. Ю-Репортёрларнинг фикрича, жамият муаммоларига бефарқлик (24 фоиз), моддий имкониятларнинг йўқлиги (21 фоиз), волонтёрлик ҳақида чекланган маълумотлар (18 фоиз), шунингдек волонтёрлик моҳиятини тушунмаслик (14 фоиз) Ўзбекистонда волонтёрликни ривожлантиришдаги асосий тўсиқлардир.

9. Респондентларнинг аксарияти (92 фоиз) Ўзбекистонда волонтёрликни ривожлантириш керак, деб ҳисоблашади. Шу билан бирга, эркакларга (90 фоиз) қараганда, буни аёллар кўпроқ истайди (94 фоиз). Эркакларнинг 4 фоизи буни кераги йўқ, деб ҳисоблашади (аёллар орасида бу кўрсаткич 1 фоиз). Респондентнинг ёши қанчалик катта бўлса, у «жавоб бериш қийналяпман» вариантини танлашга мойил.

10. Ю-Репортёрларнинг аксарияти (73 фоиз) жамиятдаги мавжуд муаммоларни волонтёрларни жалб қилган ҳолда ҳал қилиш мумкин, деб ўйлашади. 14 фоиз респондент волонтёрлар/кўнгиллилар ёрдамида буни амалга ошириш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. 13 фоиз эса бу саволга жавоб беришни қийналган.

Сўровноманинг батафсил тафсилотлари лойиҳа расмий сайтида келтирилган.

Маълумот учун, Ю-Репорт – тезкор мобил сўровлар ўтказиш бўйича ЮНИСЕФ лойиҳаси. Лойиҳа жамиятда рўй бераётган воқеалар тўғрисида ёшларнинг фикрларини билиш, улардаги ижтимоий кайфиятни ўрганиш ва олинган маълумотлар ёшлар сиёсатига оид қарорлар қабул қилаётганда инобатга олишга ёрдам беради.

Мавзуга оид