Спорт | 17:57 / 10.02.2020
20688
3 дақиқада ўқилади

ОЧЛ. «Пахтакор» 1-турда БАА чемпионати етакчисини мағлуб этди

Осиё Чемпионлар Лигасида гуруҳ босқичи ўйинлари бошланди. «В» гуруҳида қатнашаётган «Пахтакор» 1-турни ўз майдонида БААнинг «Шабоб Ал Аҳли» жамоасига қарши ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Фото: Маъруф Асқаров / Tribuna.uz

Ўйиннинг 8-дақиқасида Жалолиддин Машарипов дарвоза яқинида ажойиб техника кўрсатди ва рақибнинг икки футболчисини алдаб хавфли вазият содир этди, аммо дарвоза яқинида «Пахтакор»чилардан ҳеч ким топилмади. Кўп ўтмай Драган Черан жарима зарбасидан хавфли зарба йўллади, лекин уриниш ноаниқ бўлди.

18-дақиқага келиб ўйинда ҳисоб очилди. Жалолиддин Машарипов майдон марказида тўпни қабул қилиб олиб дарвозага яқинлашди. Дарвозабоннинг олдинга чиқиб кетганини сезган Машарипов тўпни унинг устидан ташлаб қўйди ва супер голга муаллифлик қилди.

Иккинчи бўлим анча суст бошланди, лекин 67-дақиқага келиб темп яна ошди. Айнан шу дақиқада «Шабоб Ал Аҳли» футболчиси Педро Конде дарвозабоннинг хатосидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Аммо голдан икки дақиқа ўтиб «Пахтакор» яна олдинга чиқиб олди. Ўнг қанотдан узатилган тўпни Драган Черан аниқ зарбаси билан узоқ бурчакка жойлаб қўйди.

Шу тариқа БАА чемпионати етакчисини мағлуб этган «Пахтакор» ОЧЛ «В» гуруҳида етакчиликни қўлга олди. Гуруҳнинг қолган икки жамоаси «Ал Ҳилол» ва «Шаҳри Худрав» Тошкент вақти билан 19:40 да Саудияда ўзаро баҳс олиб боради.

ОЧЛ-2020
«В» гуруҳи, 1-тур
«ПАХТАКОР» — «ШАБОБ АЛ АҲЛИ» (БАА) 2:1

Голлар: Жалолиддин Машарипов (18), Драган Черан (70) — Педро Конде (68).
«Пахтакор»: Элдор Суюнов, Ҳожиакбар Алижонов, Шерзод Аъзамов (Анзур Исмоилов), Егор Кримец, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев, Достон Ҳамдамов, Драган Черан, Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев (Эрен Дердийўқ, 73).
«Шабоб Ал Аҳли»: Мажид Носир, Муҳаммад Марзуқ, Абдулазиз Ҳайкал, Муҳаммад Себил, Юсуф Жобир, Азиз Ғаниев, Исмоил Ал Ҳаммади, Абдулла Нақби, Мажид Ҳассан, Федерико Картабия, Педро Конде.

Мавзуга оид