Жамият | 12:44 / 24.02.2020
7331
1 дақиқада ўқилади

Бухорода муқаддам судланган шахслар яна жиноят содир этди

Муқаддам судланган икки шахс ўзаро тил бириктириб, фуқаролардан бирининг уйидан 10 млн сўмлик қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган

Фото: Dreamstime

2020 йилнинг 17 февраль куни муқаддам судланган 28 ёшли Ж.Я. ва 33 ёшли Б.С. муқаддам жавобгарликка тортилганликларидан тўғри хулоса чиқармасдан, ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, 52 ёшли З.Ж.нинг “Шибирғон” маҳалласида жойлашган уйига девор орқали ғайриқонуний равишда кирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар 10 660 000 сўмлик қимматбаҳо буюмларини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Тергов жараёнида қўлга киритилган қимматбаҳо буюмларнинг катта қисми жабрланувчига қайтарилган. Ж.Я. ва Б.С.га нисбатан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Дастлабки тергов давом эттирилмоқда, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид