Коронавирус катта шаҳарларда: Ундан қочиш мумкинми?
Коронавирус Антарктидадан ташқари барча қитъаларда аниқланди ва вируснинг Хитой ташқарисидаги тарқалиш кўрсаткичлари Хитой ҳудудидагига қараганда тезроқ тарқала бошлади.
Катта ва аҳолиси зич жойлашган шаҳарларда авж олиш манзараси жуда хавфлидир.
Қуйида шаҳар ҳаётини вирус таҳликасидан асрайдиган баъзи чоралар келтирилади.
Жамоат транспорти
Жамоат транспорти вирус тарқалиши учун мукаммал муҳитдир.
Вируслар ҳаво-томчи йўли билан юқади — аксириш ёки йўталиш пайтида ҳавога чиқариладиган жуда майда тупук томчилари орқали.
Бир неча изланишларга кўра, грипп мавсуми вақтида жамоат транспортидан фойдаланадиган одамлар касалликка олти марта кўпроқ чалинишади.
Айнан шу сабабли, Жанубий Кореядан Эронга қадар кўплаб мамлакат маъмурлари жамоат транспортида — поезд, автобус ва бекатларда тозалаш ишлари олиб боришни буюрмоқда.
Оломон
Спорт ўйинлари каби гавжум тадбирлар юқтириш хавфини орттиради. Уларнинг кўплаб давлатларда коронавирус туфайли бекор қилиниши бошланган.
Covid-19 туфайли Шанхайдаги «Формула-1» Гран-приси бекор қилинди.
Футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги олтита учрашув кўчирилди — бунга Эроннинг тўрт жамоаси жадвали таъсир кўрсатди.
Европада Италия жамоалари иштирок этиши керак бўлган регби ва футбол ўйинлари қолдирилди.
Аммо энг жиддий кечикиш Токиода ўтиши кутилаётган Олимпиада-2020 бўлиши мумкин. Ўйинлар 24 июлда бошланиши керак.
Ҳозирча фақат Олимпия машъаласи марафони кейинга қолдирилди, аммо ХОҚ коронавирус тарқалиши пандемияга айланса, ўйинлар бекор қилинишини истисно қилмаган.
Коронавирус бир нечта диний тадбирларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Саудия Арабистони зиёратчиларнинг Макка ва Мадинага киришини вақтинча тақиқлади.
Мактаблар
Дунёдаги кўплаб давлатлар ҳукуматлари бошланғич ва ўрта мактабларни коронавирус тарқалишини ҳисобга олиб иш тартибини ўзгартиришга чорламоқда.
Вирус туфайли Япония, Таиланд, Эрон ва Ироқда мактаб ва университетлар вақтинча ёпилди.
Буюк Британия ва АҚШда ҳукумат мактабларни ёпишни тавсия этмаяпти.
Яқин орада коронавирус кенг тарқалган мамлакатларга болалари билан ташриф буюрган ота-оналарга икки ҳафта давомида уйдан чиқмаслик ва фарзандларини мактабга юбормаслик тавсия этилади.
Офислар
Коронавирус нисбатан технологик ривожланган мамлакат ва минтақалардаги компаниялар фаолиятига таъсир кўрсатмоқда.
Сан-Диего ва Сан-Францискода фавқулодда ҳолат эълон қилинди — офис ишчиларидан ташриф буюрувчилар билан мулоқотда қўл билан саломлашмаслик тавсия этилмоқда.
Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича АҚШ маркази компанияларга ходимларни масофадан ишлашга ундашни таклиф қилди, бу айниқса ўзида иситма ёки нафас олиш йўллари инфекциясини кузатаётган ишчиларга алоқадор.
Маълумот етказиш
Одамлар қўлларни тўғри ювиш каби оддий жараёнларнинг муҳимлигини англаши керак — бу коронавирусга қарши самарали курашишда учун жуда муҳимдир, дейди АҚШ соғлиқни сақлаш ходимлари.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсия беради:
- қўлларни мунтазам равишда ювинг;
- аксириш ёки йўтал пайтида оғиз ва бурнингизни ёпинг;
- шамоллаш белгилари бўлган одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг;
- шунингдек ёввойи ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларидан узоқ туринг.
Касалхоналар
Коронавирус 2019-NCoV’дан вакцина ҳали мавжуд эмас. Касалхоналардан асосий мақсад инфекция асоратлари билан курашишдир.
Тиббиёт муассасаларига беморларни изоляция қилиш ва ходимларнинг ҳимоя кийимлари кийиб олишларига ишонч ҳосил қилиш тавсия этилади.
АҚШ ва Британиядаги расмийлар ҳисоблашича, агар авж олиш кўлами кенгайса, шифохоналарда жой етишмовчилиги пайдо бўлади.
Изоляция
Британияда зарарланган ҳудудлардан келган фуқаролардан ўзларини изоляция қилиш сўралмоқда.
Касаллик ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳри ва Италиянинг шимолий қисмидаги баъзи туманлар ёпиқлигича қолмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, коронавирус дунё бўйлаб тарқалганда, бундай чоралар, афсуски, ўз самарасини йўқотади. Бундан ташқари, ҳамма жойда ҳам уларни амалга ошириш мумкин эмас.
«Жуда кам сонли давлатлар, худди Хитой сингари бутун шаҳарларни ёпиб қўйишга қодир. Бундай тўсиқлар оилаларни ажратиш хавфи билан доимо боғлиқ бўлиб, одамлар дори-дармонларни, шунингдек, озиқ-овқат ва энг зарур нарсаларни олишни тўхтатиши мумкин», — деб ёзди Жон-Ҳопкинс саломатлик маркази директори Том Инглсби.
«Улар Хитойда бўлганидек, шифокорлар, ҳамширалар ва таъминотларнинг касалхоналар орасидаги ҳаракатига халақит бериши мумкин», — дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
13:20 / 27.09.2024
Таиланддан Ўзбекистонга саёҳатчиларни жалб қилиш учун махсус туристик пакетлар ишлаб чиқилади
15:29 / 23.09.2024
Таиландда амалдор 10 йил ишга бормасдан маош олиб келгани аниқланди
23:17 / 19.09.2024
Таиландда питон чангалида қолиб кетган аёл икки соатдан кейин қутқариб олинди
10:20 / 13.09.2024