Ўзбекистон | 16:20 / 10.03.2020
60587
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умурзоқов бош вазирга ўринбосар бўлиши кутилмоқда

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий муносабатлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиши кутилмоқда.

Бош вазир Абдулла Арипов тақдимномасига биноан инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовнинг номзоди бош вазир ўринбосари лавозимига тавсия этилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, парламент қуйи палатасида бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий муносабатлар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига Сардор Умрзоқов номзодини кўриб чиқди. 

Номзод депутатлар томонидан маъқулланган ва энди у президентнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги қарори билан вице-премьерга айланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 26 февралида президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланган ва унга кўра, бош вазирнинг икки ўринбосари лавозими жорий этилган, кўп ўтмасдан Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари — молия вазири (бу лавозим тугатилган) Жамшид Қўчқоров бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига ўтказилган, Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Ўктам Барноев эса бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Айни вақтда бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозими бўш қолмоқда.

Мавзуга оид