Ўзбекистон | 23:22 / 18.03.2020
50526
6 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги: Активларни қайтаришда Гулнора Каримованинг умуман роли йўқ

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, вазирлик ва Бош прокуратура Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Фото: Getty Images

«Ўзбекистонга мулкларни Гулнора Каримованинг ўзи қайтарганлиги ёки қолган мулклар бевосита Гулнора Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги таъкидлар ҳуқуқий асосга эга эмас ва шу боис ҳақиқатга тўғри келмайди», деб маълум қилди Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Қайд этилишича, 2019 йилда халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Г.Каримовага нисбатан олдин олиб борилган тергов ҳаракатлари билан қамраб олинмаган жиноятлар ҳақида хабарлар келиб тушган. Бу эса янгидан очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят иши очилишига асос бўлган.

«Тергов Г.Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бир нечта уюшган жиноий гуруҳ тузиб, жиноий уюшмага раҳбарлик қилгани, республиканинг саноат корхоналарида фаолият юритиб, унга жиноий йўл билан орттирилган даромаддан улуш бериб турган яна бир уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганини аниқлаган.

Бундан ташқари, жиноий иш материалларига кўра, Г.Каримова фуқароларга ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўли билан ўзларининг мулкларини унга қарашли компанияларга қайта расмийлаштириб беришга мажбурлаган.

Иш бўйича тергов давомида Г.Каримованинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини у ва унинг яқин қариндошлари томонидан жалб этилган 7 нафар адвокат ҳимоя қилди. Бундан ташқари, барча тергов тергов ҳаракатларида адвокатларнинг иштироки таъминланди ва уларнинг ҳеч қандай чекловларсиз Г.Каримова билан холи учрашишига имконият яратиб берилди.

Тергов тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилиги бузилишига, шунингдек гумон қилинувчилар ва айбланувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаган», дейилади вазирлик маълумотида.

18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳукми билан Г.Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Таъкидланишича, олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 трлн. сўм ва 165 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

«Шу билан бирга, Г.Каримовага оид хабарларда мулкларни қайтариш масаласи яна кўтарилаётганлиги муносабати билан Адлия вазирлиги Г.Каримовага нисбатан бошқа давлатларда ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини эслатиб ўтишни жоиз деб ҳисоблайди. Ушбу ишлар бўйича Г.Каримова жиноий йўл билан орттирилган маблағларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятларга қўл урганликда айбланмоқда.

Хорижий давлатларда олиб борилаётган тергов материаллари ва расмий манбаларда келтирилишича, Г.Каримова ва унга алоқадор шахслар томонидан Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва эҳтимол бошқа давлатларда жиноий йўл билан билан орттирилган маблағларни ювиш бўйича ноқонуний коррупцион схемалар амалга оширилган.

Қайд этиш жоизки, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.

Хусусан, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги муносабати билан, улар анчадан буён Г.Каримова (унинг оила аъзолари)нинг тасарруфида эмас.

Шу боис, Ўзбекистонга мулкларни Г.Каримованинг ўзи қайтарганлиги ёки қолган мулклар бевосита Г.Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги таъкидлар ҳуқуқий асосга эга эмас ва шу боис ҳақиқатга тўғри келмайди», дея таъкидланади Адлия вазирлиги томонидан.

Аввалроқ Бош прокуратура Гулнора Каримова яшаш манзилларида топилган санъат ашёлари ҳақида баёнот берганди.

Қайд этилишича, Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилинган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг миллий бойликка тааллуқлилигини аниқлаш ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Аввал Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги яшаш манзилларида 985 турдаги тарихий, маданий ва бадиий аҳамиятга эга қимматликлар деб топилган ҳамда умумий қиймати 12,7 млрд. сўмдан ортиқ бўлган санъат асарлари (картина, сўзана, миллий тақинчоқлар, сопол, ёғочдан ишланган миллий ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар) аниқланган ва хатланган.

Қайд этилган картиналар ва санъат асарлари суд ҳукмига кўра давлат эгалигига ўтказилиб, Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилик тарихи Давлат музейи, Фарғона вилоят тарих ва маданият Давлат музейи, Андижон вилоят тарих ва маданият Давлат музейи, Чирчиқ шаҳар тарих музейларига топширилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид