Ўзбекистон | 12:01 / 18.03.2020
3615
3 дақиқада ўқилади

Профессионал таълим тўғрисидаги дипломларнинг давлат намуналари тасдиқланади

Профессионал таълим тўғрисидаги дипломларнинг давлат намуналарини тасдиқлаш режалаштирилмоқда

Фото: Studproject

Вазирлар Маҳкамасининг “Профессионал таълим тўғрисидаги дипломларнинг давлат намуналарини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги дипломларнинг давлат намуналари ва тавсифи;

Профессионал таълим дипломлари иловасининг давлат намунаси;

Профессионал таълим муассасаларида қўшимча квалификацияларни эгаллаш бўйича сертификатнинг давлат намунаси ва тавсифи;

Профессионал таълим муассасаларида бериладиган академик маълумотноманинг давлат намунаси тасдиқланади.

Марказий банк ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат унитар корхонаси профессионал таълим тўғрисидаги дипломлар, уларнинг иловалари ва сертификат бланкаларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмаси асосида муҳофазаланган махсус қоғозларда шартнома асосида тайёрлаб берилишини таъминлайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан профессионал таълим тўғрисидаги дипломлар ҳамда сертификат бланкаларига индивидуал QR-код қўйиш тизими ҳамда унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

профессионал таълим тўғрисидаги дипломлар ва уларнинг иловаси, сертификат бланкаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш аниқ ҳисоб-китобларга асосан 2020 йилда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

профессионал таълим тўғрисидаги дипломлар ва уларнинг иловалари, сертификат бланкалари (дубликат бериш ҳолатлари бундан мустасно) компьютерда тўлдирилади ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларига бепул тарқатилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини ошириш институтида қўшимча 3 штат бирлигидан иборат (1 нафар бўлим бошлиғи ҳамда 2 нафар бош мутахассис) Ўқув адабиётлари ва меъёрий ҳужжатларни нашр этиш бўлими ташкил этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид