Ўзбекистон | 15:55 / 10.04.2020
26442
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятидаги беморларнинг ҳам тўрт нафари соғайди

Наманган вилоятида коронавирус юқтирган тўрт нафар фуқаро бутунлай соғайиб, реабилитацияга олинди. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморлар сони 42 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг яна тўрт нафари соғайгани тўғрисида хабар берди.

«Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Наманган вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб бориляпти. Карантин тадбирлари қатъий йўлга қўйилган. Шу билан бирга, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморлар стандартлар бўйича даволанмоқда. Фидойи ва ватанпарвар шифокорларимиз уларни дарддан халос қилиш учун тун-у кун фаолият кўрсатишмоқда.

Бугун касбига садоқатли тиббиёт ходимларининг астойдил саъй-ҳаракатлари ўзининг дастлабки мевасини берди. Вилоятдаги тўрт нафар коронавирусни юқтирган фуқаро бутунлай соғайиб, реабилитацияга олиниш бахтига муяссар бўлди», дейилади хабарда.

Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва бошқа масъуллар томонидан вилоят реабилитация марказига кузатиб қўйилган. Касалликдан тузалган фуқаролар маълум муддат шу ерда карантинда бўлади.

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 42 нафари ушбу касалликдан тўлиқ фориғ бўлишди. 

  • Эслатиб ўтамиз, Наманганда 24 март куни коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолатлар аниқланганди. Туркия орқали Умра сафарига бориб келган аёл ва унинг турмуш ўртоғи Наманганга қайтгач, уйга меҳмон чақириб, эҳсон қилади. Кейинчалик ўша оилавий тадбир қатнашчиларидан 23 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига даволаниш учун ётқизилади. Улардан бир нафари — аёлнинг 72 ёшли онаси 28 март куни вафот этди.
  • Сўнгги маълумотларга кўра, Наманганда 51 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани айтилганди.

Мавзуга оид