Ўзбекистон | 17:26 / 12.04.2020
23373
4 дақиқада ўқилади

«Коронавирус нақд пулда 4-5 кунгача сақланиб қолиши исботланган» – Нурмат Отабеков

​​​​​​​Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирус хавфи боис аҳолини нақд пул муомаласида эҳтиёт бўлишга чақирди.

Фото: KUN.UZ

Отабековнинг фикрича, пенсияларни пластик карточкага ўтказиб олиш мақсадга мувофиқ.

«Нақд пулларда коронавирус қўзғатувчиси узоқ муддат (4-5 кун) сақланиб қолиши ҳақида исботланган далиллар бор.

Шу муносабат билан айниқса нақд пул билан боғлиқ ҳолда фаолият юритувчилар, дейлик, пенсия тарқатувчилар, банк ходимлари, кассирлар, савдо муассасалари ходимлари жиддий эҳтиёт чорасини кўришлари керак бўлади. Улар нақд, яъни қоғоз пул билан ишлаганда дастлаб ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Улар бир марталик қўлқопларда, дока ниқобларда бўлиш баробарида мунтазам равишда қўлларини дезинфекцион ва антисептик воситалар билан зарарсизлантириб туришлари керак.

Катта ёшдаги одамлар коронавирус инфекциясини юқтириб олишга мойил эканини аниқ биламиз. Шу сабабли улар хавфости гуруҳига мансуб. Ўзбекистонда пенсиялар нақд пулда берилади. Республикамиз банк соҳаси мутасаддиларининг маълум қилишларича, айни кунларда пенсия пуллари алоҳида пакетларда тарқатилмоқда. Бу пулларни аҳолига тарқатишдан олдин махсус дизенфекцион ишлов берилмоқда.

Лекин битта нарсани аниқ билишимиз керак. Нақд пул орқали одамларга касаллик юқиши мумкин. Шундай экан, ҳозирги вазиятда нақд пул билан муомала қилишни кескин камайтириш, нафақаларни нақд пул сифатида эмас, пластик карточкалар орқали олиш хавфсизроқ бўлади.

Ҳозир пластик карточкалар бўйича умуман муаммо йўқ. Битта пластик карточкадан иккинчисига ўтказиш ҳам ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Демак, нафақат ойлик маошларини, нафақа пулларини ҳам карточкага тушириш керак бўлади», – дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассиснинг айтишича, пластик карточкадан фойдаланилса, коронавируснинг бир одамдан иккинчисига ўтиш эҳтимоли кескин камаяди. У уй шароитида ҳам имкон қадар битта пластикдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини, дезинфекцион ишлов бериш, тозалаш имкони борлиги сабабли пластик карточкалар нақд пулга нисбатан анча хавфсизлигини таъкидлади.

«Пенсия тарқатиш билан шуғулланадиган ходимлар ишлайдиган мутахассислар ҳар куни эрталаб термометриядан ўтказилиши, яъни ҳарорати ўлчаниши, гигиена қоидларига тўлиқ риоя қилиши керак.

Коронавирусга хос клиник белгиларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилишлари ва кун давомида ўзлари саломатлиги устидан кузатиб боришлари, дока ниқобларда, бир маротабалик қўлқопларда фаолият олиб боришлари керак. Негаки улар кўп одам билан мулоқотда бўлишлари мумкин. Ўзларида касаллик аломатларини сезишса, умуман ишга чиқмасликлари керак.

Ушбу тавсияларга тўлиқ амал қилсаккина, қоғоз пуллар орқали касаллик юқиб қолиш эҳтимолини тўлиқ олдини олган бўламиз», дейди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки ҳам нақд пулдан имкон қадар камроқ фойдаланишни, харидларни пластик карталар ёрдамида амалга оширишни, шунда ҳам пластик картани тез-тез дезинфекция қилиб туришни тавсия этган эди.

Марказий банк департамент директори Улуғбек Маҳмудов коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида республикада тўловларни нақдсиз, хусусан, масофавий амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид