Ўзбекистон | 12:50 / 16.04.2020
17178
6 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифалари белгиланди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди

Фото: mahalladosh.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси ташкил этилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича, “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон фармони ҳамда 2020 йил 18 февралдаги “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сон қарори билан Вазирликка юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш;

“хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш, оила ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;

кексалар ва фахрийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

аҳолини оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ҳамда уларнинг томорқа ерларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш;

фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Вазирликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг малакасини ошириш, конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, Вазирлик фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш харажатларини молиялаштириш.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низомга кўра, вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармалари;

туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари;

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси;

Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар;

“Маҳалла” газетаси, “Маҳалла кўзгуси” журнали, “Оила ва жамият” газетаси, “Саодат” журнали, “Нуроний” газетаси, “Кексалар гашти” журнали, “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро илмий журнали.

Ҳудудий бошқармалар Вазирликка, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисоб беради. Туман (шаҳар) бўлимлари тегишли ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳисобот беради.

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси, Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар, “Маҳалла” газетаси, “Маҳалла кўзгуси” журнали, “Оила ва жамият” газетаси, “Саодат” журнали, “Нуроний” газетаси, “Кексалар гашти” журнали, “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро илмий журнали Вазирликка ҳисобот беради.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила - соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;

маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш;

фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Мавзуга оид