Жамият | 18:38 / 06.05.2020
12694
9 дақиқада ўқилади

Ҳалоллик – барака омили. Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбат

Рамазон ойи муносабати бериб борилаётган туркум кўрсатувларнинг навбатдагиси «Ҳалоллик – барака омили» мавзусида бўлди. Суҳбатдошимиз – Тошкент шаҳар «Хўжа Аламбардор» жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов.

Барака – бу унум ва манфаатдир

«Ҳалоллик – барака омили» мазмунидаги суҳбатни ҳар доим, ҳар даврада: фарзандлар даврасида, шогирдлар даврасида, ёр-у дўстлар даврасида кўпроқ гапиришимиз керак. Чунки ҳалоллик бор жойда барака бўлади.

Барака – бу унум дегани, фойда дегани. Яъни арзимаган ризқ баракали бўлиши дегани – ўша ризқнинг фойдали ва унумли бўлишидир. Биз учун манфаатли бўлиши – баракали бўлди дегани. Умрингга баракот берсин дегани – умринг унумли ва манфаатли бўлсин, деганидир.

Барака қачон унумли ва манфаатли бўлади? Қачонки, инсоннинг қилаётган ҳаракати ҳалол бўлса, нияти ҳалол бўлса. Шундагина меҳнат ва ҳаракатнинг замирида содир бўладиган ишда барака ва файз бўлади.

Мусулмон меҳмонини ҳам ҳалол ва покиза ризқ билан меҳмон қилади

Раҳимберди домла Раҳмонов

Расули акрам алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Ҳар бир мусулмонга ҳалолни талаб қилиш вожибдир».

Бошқа ишлар оддий одамнинг ихтиёридаги иш бўлиши мумкин. Лекин ҳар бир инсон ҳалолликни талаб қилиши – бу унинг гарданидаги бурчдир.

Мусулмон одам ҳатто фарзандларини, ўзини, келадиган меҳмонни ҳалол ва покиза ризқ билан меҳмон қилиши керак, озиқлантириши керак. Ҳаттоки, шундай тавсиялар ва кўрсатмалар борки, мўмин фақат мўминни эмас, балки, ғайридинни ҳам, динсиз бир одамни ҳам ҳалол ва покиза ризқ билан меҳмон қилиши керак.

Ҳалол ризқ деб юрган – Аллоҳ йўлида юрган ҳисобланади

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳалолни талаб қилишлик ҳаттоки жиҳод деганлар. Жиҳод-жиҳод, дейишади. Ҳақиқий жиҳод – нафсга қарши жиҳод, ҳалол меҳнат билан юриш бу. Жиҳод – Аллоҳнинг йўлида юришдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни эрта тонгда саҳобалар билан ўтиргандилар. Қадди-қомати келишган бир йигит тез шахдам қадамлар билан ўтиб кетаётганда саҳобалардан бирлари: «Агар шу йигит Аллоҳнинг йўлида бўлганида борми, динга қанча фойдаси етган бўлар эди», – деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар шу йигитнинг ота-онаси, фарзандлари, рўзғори бўлса, бола-чақам, ота-онам деб кетаётган бўлса, бу Аллоҳнинг йўлидаги йигитдир», – дедилар.

Шунинг учун фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, бугун ота-онасининг хизматини қилиб, бола-чақасининг рўзғорини қилиб ҳалол меҳнат, касб-у корга эрталабдан чиқиб кетиб ҳориб-чарчаб оиласига келаётган, шу билан ҳаёти ўтаётган йигитларимиз ҳалолликнинг риоясини қилсалар, мана шу йигитларимиз, иншааллоҳ, Аллоҳнинг йўлидаги йигитлардир.

Бир олмани қайтариб олиб келган йигит ҳақида

Шукрки, бизнинг кунларимизда ҳам ҳалол йигитларимиз жуда кўп ва мана шу йигитларимизнинг ҳаётида юқорида айтганимиздек баракани кўряпмиз.

Бир Ҳожи акамиз айтадилар: «Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозоридан бозор қилдим. Кейин бир машинани тўхтатиб уйимга келдим. Бозорлигимни тушириб олдим. Кечга томон асрдан кейин эшигим тақиллаб қолди. Чиқсам, эрталаб бозордан олиб келиб қўйган йигит. Келинг ўғлим, десам: «Отахон, узр, сизнинг нарсангиз қолибди», деб, битта олмани қўлида кўтариб менга кўрсатяпти. У йигит уйга бориб машинасини тозаласа, ўриндиғи тагидан шу олма чиқибди.

Ўйлаб кўриб, бозорлик қилган одам фақат мен эканлигимни эслабди. Шунга ўша битта олмани кўтариб олиб келибди. Олмани қўлимга олдим. Ўғлим сиз вазифангизни бажардингиз, ҳалол иш қилдингиз, деб қайтариб олдим-да, энди қўлингизни очинг, деб яна қайтариб бердим. Қўлимни очиб, шу йигитнинг ҳаққига дуо қилдим», – дедилар.

Қаранг, бугун ҳам иншааллоҳ нияти тўғри, бировнинг битта тушиб қолган олмасига хиёнат қилмайдиган йигитларимиз бор.

Ҳалолликдан олимлар дунёга келади

Агар биз тарихга қарайдиган бўлсак, тарихда яшаб ўтган улуғларимизнинг улуғлигининг тамал тоши бу – ҳалолликдир.

Масалан, Имом Бухорийнинг отаси онасига айтган экан: «Менинг фарзандларимга қолдирадиган меросимда бир дирҳам шубҳа борлигини билмайман», – деган эканлар.

Бу киши ҳаром эмас, ҳаттоки шубҳа борлигини билмайман, деган эканлар. Мана бу ҳалолликнинг натижасидан туғилган фарзанд дунёнинг олими бўлди.

Ёки Имоми Аъзамнинг туғилишини биласиз. Оталари сувдан оқиб келаётган битта олмани тишлаб, э, ахир бу кимнингдир ҳаққи-ку, деб туриб, суриштириб эгасини топган. Боғ эгаси бу инсоннинг ҳалоллигига харидор бўлиб, қизларини никоҳлаганлар. Мана шу никоҳдан Имоми Аъзам таваллуд топган эканлар.

Ҳалолликдан дуолар қабул бўлади

Азизлар, бугун фарзанд тарбия қиляпмиз. Фарзандларимизнинг келажакда улуғ инсон бўлиши, халқпарвар ва юртига керакли инсон бўлишини умид қилсак, албатта уларга илм, одоб берамиз. Лекин мана шу илмимиз, одобимизнинг баракаси бўлиши учун ўша илм ва одоб юқиши учун уларнинг луқмасига эътибор беришимиз керак.

Илгари оналаримиз фарзандларини таҳоратсиз эмдирмаган. Бизнинг оналаримизнинг алласи ўша «Аллоҳ» деган сўз бўлган. Биз ҳалолликка жуда катта эътибор беришимиз керак. Бугун мамлакатимиз учун ҳам ҳалол ходимлар керак.

Хонадонимизда ҳалоллик ва поклик бўлса, иншааллоҳ Аллоҳнинг нури, баракоти ёғилади. Қолаверса, қўл кўтариб қилган дуоларимиз ижобат бўлади.

Тарозудан уриб қолувчиларга вайл бўлсин!

Баъзилар бор, хиёнат қиладилар: савдода ва тирикчилигида одамларни алдайдилар.

Бир киши айтяпти: «Бозорда бир қоп пиёз олдим. Кўрсатгани жуда ҳам ажойиб. Менга маъқул бўлди. Пулини бериб, уйга олиб келдим-да қопни тўкиб қарасам, ичи тўла майдаси экан. Бу қандай бўлди, ичи тўла майдаси экан-ку? Бу мени алдади-ку. Менга сотган йигит набирам қатори эди. Наҳотки, ҳозирги йигитлар алдоқчи бўлиб кетди, деб ранжидим. Бировга айтсам, «Эй, отахон қаранг бу ҳийлани. Шунақа тирикчилик қилиб бўладими?» деди.

Шунда билсам, қопнинг ичига қувур солар экан. Қоп ичидаги қувурнинг атрофига йиригини, қувурнинг ичига эса, майдасини солар экан. Яна оғзига йиригини солиб қўяр экан. Бу қандай бир ҳийла?»

Қуръони Каримда 114та суранинг бири – «Мутоффифин» сураси. «Уриб қолувчилар». Бировнинг хақини уриб қолиб, энидан, бўйидан, литрдан, килосидан. Шу билан бола-чақа боқиб бўладими?

Қўрқиш керак. «Мутофифин» сураси бор. Мутоффифин дегани – уриб қолувчилар дегани. Аллоҳ таоло суранинг аввалида даҳшат билан бошлайди. Яъни, Аллоҳ таоло уриб қолувчиларга дўзах бўлсин дейди. Бировдан олганда камайтириб оладиган, сотганда кўпайтириб сотган одамлар кўп эмасми?

Минг кишига саховат кўрсатаётганлар бор

Айниқса, ҳозирги пандемия вақтида карантин вақтида шундай ҳолатлар кўп учради. Ҳаттоки, 3 минг сўм бўлган нарса 5 минг – 6 минг сўмгача кўтарилди. Халқнинг бошига келган бу қийин кунларда кимнинг аслида кимлиги билинадиган пайт.

Шунақа йигитларни ҳам кўряпмиз: бир йигит минглаб одамларга саховат кўрсатиб, савоб қиляпти. Лекин пайт пойлаб кимлардир нархни ошириб фойда топиб қолишлик умидини ҳам қиляпти.

Нарх ошишини ўйлаш – мўмин тижоратчига хос эмас

Расули Акрам алайҳиссалом айтганлар: «Маҳсулотини ёки олиб келадиган маҳсулотини, бир кун қиммат бўлишини умид қилиб хаёлидан ўтказса, Аллоҳ таоло бир ҳафта унинг дуосини ва тоатини қабул қилмайди».

Олиб келадиган ёки ишлаб чиқарадиган маҳсулотимизни қиммат бўлишини эмас, мўл-кўл бўлишини, баракали ва харидоргир бўлишини сўрашимиз керак. Нархлар ошса-ю, фойдаланиб қолсак, деган иш – бу мўминнинг иши эмас.

Пандемия даврида, керак бўлса, олаётган фойдасини камайтириш ҳам савобдир

Айниқса, мана шу савдо билан шуғулланадиганлар олдинги, карантиндан олдинги фойдангизни ҳозир камайтиринг. Керак бўлса, ҳозир камроқ фойда кўринг. Балким, шу иш билан сиз савобларга эга бўларсиз. Мана шу ҳам бир ватанпарварлик ва халқпарварлик бўлади. Шунинг учун майли, зарар кўрманг, лекин нархни ошириб бундай ишни қилишлик яхши эмас.

Сабаби – баъзи бир хонадон эгалари меҳнат таътили билан уйда ўтиргандир. Уларга қийинчилик бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан нархларни бир меъёрда ушлаб туриш – ҳар биримизнинг ҳам фуқаролик, ҳам мўминлик, иймон олдидаги вазифамиз десак, тўғри бўлади.

Мавзуга оид