Ҳасад нима? У қандай пайдо бўлади?

Ҳасад – маънавий иллат. Инсоният тарихида илк қотилликка ҳасад сабаб бўлган. Лекин ундан ҳам олдин Одам алайҳиссаломга жаннатда ҳасад бўлди. Шайтон Одамга ҳасад қилди. Аллоҳ таоло Одамни мукаррам яратганлигини эълон қилиб, бутун фаришталарни унга сажда қилишликка тарғиб қилди. Лекин ёлғиз шайтон ўзини яратилишдаги унсурда улуғ эканлиги, яъни «мен оловдан яратилган бўлсам, Одам тупроқдан яратилган бўлса», деб ҳасад қилиб унга сажда қилмади. Бу ҳасад натижасида шайтон малъун бўлди. Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлди.

Одам алайҳиссалом ер юзига тушгач, ака укасига ҳасад қилди ва укасининг қотили бўлди. Башарият тарихида илк қотиллик содир бўлди. Кейинги даврларга қарайдиган бўлсак, инсоният энг кўп ҳасаддан озор кўрган ва кўриб келмоқда.

Тошкент шаҳар «Хўжа Aламбардор» жоме масжиди имом хатиби
Раҳимберди ​​​​​Раҳмонов

Ҳасад – ҳамма гуноҳларнинг онаси

Ҳасадгўй одам ўзи ҳасад қилган одамнинг ғийбатини қилади, ёлғон гувоҳлик беради, чақимчилик қилади, одамни лаънатлайди. Ҳасад одамни жанжал қилишга, қўл кўтаришга, ҳаттоки у қотил даражасига элтади.

Мана шу гуноҳлар: ёлғон, чақимчилик, бўҳтон – ҳаммасини ўргансак, замирида ҳасад ётибди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасадни шунчалар катта гуноҳ эканини таъкидлаб, ундан сақланиш лозимлигини эслатган. Аллоҳ таоло ҳасадгўйнинг ҳасадидан паноҳ сўрашга буюрган. Одатда биз туҳмат, ёлғон, ер-осмон балоларидан қутқаргин, деб дуо қиламиз. Лекин Аллоҳ Қуръонда, Фалақ сурасининг охирги оятида ўргатяптики, ҳасадчининг ҳасадидан ҳам паноҳ сўраш керак экан. Ҳасадгўй шунчалик ёмон инсон эканки, ундан паноҳ сўраладиган одам экан.

Гоҳида фарзанд, шогирдимизда бошқаларга нисбатан ҳасад пайдо бўлганини пайқаймиз. Шунинг учун ота-оналар фарзандларини болалигидан бошлаб бошқалардан қизғанишга эмас, аксинча илинишга ўргатиши керак.

Ҳасаднинг шаклланишига атроф-муҳит ҳам сабабчи бўлиб қолади. Теварак-атрофда унга нисбатан таъсири кучлироқ бўлганларнинг феъл-атвори ҳасадга сабаб бўлиб қолади. Ҳасадгўй ота-онанинг фарзанди ҳам шундай бўлади.