14:06 / 08.05.2020
46569

Қурилиш соҳасидаги коррупция: давлат қандай чоралар кўрмоқчи? — Шерзод Ҳидоятов билан суҳбат

Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги коррупцияга қарши курашиш мақсадида тендер портали очилиб, қурилиш ташкилотлари рейтинги тузилади. Шунингдек, қурувчи ташкилотлар лицензияланиши мумкин.

Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларига ёпирилган табиий офат, Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида рўй берган техноген ҳодиса қурилиш соҳасидаги коррупция ва сифат даражаси қандайлигини яна бир бор намойиш этди.

Мавзу долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz мухбири сифатсиз қурилишларга қачон барҳам берилиши, қурилиш соҳасида тендер савдолари қандай ўтказилишига яна бир бор ойдинлик киритиш мақсадида Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов билан онлайн мулоқот қилди.

Қурилиш пудратчиларини вилоят раҳбарлари белгилаб келган

– Президент қурилиш муаммоларига бағишланган йиғилишлардан бирида тендерларни электрон тизимга ўтказиш, илғор давлатлардаги каби қурилиш компанияларининг рейтинг тизимини ишлаб чиқиш ва шу асосда тендер ўтказиш бўйича топшириқ берганди.

Бундан аввал, 2 йил мобайнида, тендер ўтказилмасдан, вилоят раҳбарлари, яъни буюртмачилар томонидан пудратчи ташкилотлар белгиланган.

Ўша йиғилишда давлат раҳбари қурилиш соҳасида тендерсиз иш олиб борилмаслигини, аксинча фақат тендер орқали иш юритилишини айтган. Шундан сўнг, барча бюджет қурилиш объектлари тендерга ўтказилган. Лойиҳалар тежаш, сифат ва бошқа жиҳатлари юзасидан қайтадан экспертизадан ўтказилиб, тендерга қўйилган.

2020 йил августида тендер портали ишга тушади

Шерзод Ҳидоятов

– Бу йил 100 фоиз рақамли тендер порталини яратиш устида ишлар олиб борилмоқда. У август ойида ишга тушади.

2021 йилги ижтимоий қурилиш лойиҳалари кейинги йил бошига ушбу портал орқали тендерга қўйилади.

Пудратчини танлашда рейтинг инобатга олинади

– Портални ишлаб чиқишда, Туркия, Россия ва Хитой тажрибаси ўрганилди. Уларда пудрат ташкилотини танлашда пудратчининг ишлари бўйича қўйган нарх-наволардан ташқари, унинг рейтинги ҳам инобатга олинади.

Яъни қандай ишлар бажарган, қанча ишчиси бор, уларнинг неча нафари сертификатланган мутахассислар экани, қанча техникаси борлиги ва бажарган ишларининг сифати каби тамойиллар асосида пудратчи танланади.

Портал фаолияти шаффоф бўлади, унинг амалиётидаги ҳар бир босқичини истаган киши кузатиши мумкин бўлади.

Рақамлаштирилиш ва шаффофлик орқали коррупциянинг олди олинади

– Смета ҳужжатларида қурилиш даврида ишлатадиган техникасидан тортиб, қурилиш материалларининг нарх-навоси, қанақа маҳсулот ва материал ишлатиши кераклиги, қурувчининг ишчилар маоши ҳамда яшаш шароитларини барпо қилиш учун белгиланган «бошқа харажатлар»га доир барча маълумотлар киритилади.

Буюртмачиларнинг «технадзорлари» (техник назорат – таҳр.) бўлади. Улар буюртмачининг барча қурилиш объектларига кира олади, назорат, текширув ўтказа олади.

Ҳар бир объектнинг ўз буюртмачиси бор. Вилоят ҳокимликлари, Мактабгача таълим вазирлиги ва ҳоказоларнинг буюртмачи-инжиниринг компанияси бўлади. Ушбу буюртмачилар тендер ўтказади. (Тендер бўлмаган вақтда бу қурилиш объектлари вилоят ҳокими қарори билан пудратчиларга бириктирилган). Қурилиш ишларини эса, буюртмачи айнан шу назоратчилар орқали текширади.

Коррупция айнан қайси бўғинда, яъни буюртмачи ва назоратчи ёки назоратчи ва қурувчи орасида бўлганини аниқ айтиб бўлмайди. Лекин унга олиб келадиган ишларга қаралса, бу исталган бўғинда бўлиши мумкин. Бу жараёнлар рақамлаштирилиб, шаффоф қилинса, коррупциянинг олди олинади.

Қурилиш компаниялари рейтинги 4та тизим асосида аниқланади

– Тендерлар очиқ электрон савдо орқали ўтказилади. Бунда исталган бир компания ютиб кетмайди, балки рейтинги юқори компаниянинг тендерни ютиб олиш имконияти юқори бўлади.

Компаниялар рейтинги Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигининг тизимидаги маълумотларга асосан шакллантирилади.

«Қурилиш соҳасида хизмат кўрсатиш соҳаси яхши ривожланмаган»

Шерзод Ҳидоятов қурилиш соҳасини назорат қилиш тизимига нима учун ноҳукумат ташкилотлар жалб этилмаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, буни шу йўналишда хизмат кўрсатиш соҳаси ҳали ривожланмагани ва мутахассислар йўқлиги билан изоҳлади.

Шу билан бирга, президентнинг қурилиш соҳасидаги назоратни кучайтиришга доир имзолаган фармонида Тошкент шаҳрида 10 объект танлаб олиниб, уларга хусусий буюртмачилар жалб этилиши белгилангани таъкидланди.

«Ошпаз ҳам қурувчи бўлиб кетди»

– Илгари реестр бўлар эди (қурилиш лицензияланувчи фаолият тури ҳисобланган – таҳр.). Кейинчалик, бу коррупцияга олиб келгани учун бекор қилинди. Бироқ истаган одам – ошпазми, бошқами, қурилиш фирма очиб, қурувчи бўлиб кетди. Балки таниш-билиши бўлгандир, бир фирма кичик-кичик объектларни олиб қурилишни бошлаб кетаверди.

Эндиликда рейтинг, очиқ электрон тендер савдолари орқали бу назоратга олинади.

Бундан ташқари, қонунчиликни ўзгартириш бўйича таклифлар киритилган. Унда қурилиш ташкилотларини лицензиялаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Қурилишда feedback механизми йўлга қўйиладими?

Шерзод Ҳидоятовга кўра, feedback – қайта мулоқот механизми йўлга қўйилган. Бунда ҳар бир харидор, яъни буюртмачи иштирок этади. Янги йўлга қўйилаётган усулда охирги харидор бевосита хонадонни ёки уйни келиб кўради, ёқтирсагина, банкка бориб ипотека расмийлаштириши мумкин бўлади.

«Қурилишда хуфёна иқтисодиёт ҳажми жуда катта бўлган»

– Қурилиш соҳасида ишларнинг сифатсиз бажарилгани, материалларнинг етарли қўлланилмаслиги бўлган. Бунинг асосий сабабларидан бири – қурилишда хуфёна иқтисодиёт ҳажми жуда катта бўлганидадир.

Очиғини айтиш керак, шу вақтгача қурилишга жалб қилинган мутахассисларнинг 10 фоизигина расмийлаштирилган. Қолгани билан нақд ҳисоб-китоб қилинган. Коррупция ҳам аслида шундан пайдо бўлган. Айланмани ҳам нақд пулда амалга оширади, солиқдан қочади.

«Сардоба» сув омбори қурилишига ажратилган 404 млн АҚШ доллари нималарга сарфланган?

– «Сардоба» сув омбори масаласида махсус комиссия тузилган. У президент назорати остида барча текширувларни олиб боряпти. Сув омборнинг нафақат қурилиши, балки лойиҳаси, унинг эксплуатациясигача бўлган барча жараён, қандай материал ишлатилган, нимага қанча сарфлангани экспертлар томонидан ўрганилади ва хулосаси берилади. Шундан кейингина бу саволга жавоб бериш мумкин бўлади.

P.S.: Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Kun.uz сайти фаолияти давомида шаҳар ва қишлоқларда намунали лойиҳалар асосида барпо этилаётган кўп қаватли, ҳовли-жой ва коттеж кўринишидаги уйларнинг сифатсизлиги бўйича қатор танқидий чиқишлар қилган. Бунда «Қишлоққурилишинвест» ҳамда «Шаҳарқурилишинвест» ташкилотлари томонидан қурилган уйларнинг сифатсизлиги, қурилиш ишларининг ўлда-жўлдалиги бот-бот ёритилган, бироқ мутасаддилар камчилик-нуқсонларга бартараф этиш ўрнига уларни хаспўшлаш, ОАВга раддия бериш билан банд бўлиб келишди. Қуйида шундай мақолаларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин. Мақолаларнинг санасига ҳам эътибор беришингизни сўраб қолардик.

Мавзуга доир:

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top