Британия карантиндан қандай чиқмоқда?
Буюк Британияда коронавирус эпидемиясига қарши кураш доирасида жорий этилган чекловларнинг бир қисми бугундан эътиборан бекор қилинди ва ижтимоий ҳаётни нормаллаштириш йўлидаги дастлабки қадамлар ташланди.
Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га биноан, бугундан бошланган илк босқичда одамлар энди ташқарида кўпроқ вақт ўтказишлари мумкин бўлади.
Хусусан, улар паркларда сайр қилиш, пикник ва балиқ овларини уюштириш имкониятига эга бўлди. Айни пайтда ижтимоий масофага қатъий амал қилиб, яъни ўртада 2 метр масофа сақлаган ҳолда бошқа хонадон вакили билан ҳам учрашишлари мумкин.
Теннис кортлари, гольф клублари ва баскетбол майдончалари каби очиқ спорт иншоотлари қайта очилади. Ушбу жойларда одамлар ёлғиз ёки оила аъзолари ва бошқалар билан ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига риоя қилган ҳолда ўйнашлари, кун давомида хоҳлаганча ташқарида машқ қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилмаётгани сабабли ўз шахсий автомашиналарида қишлоқ ҳудудларига, миллий боғларга ва пляжларга бориш мумкин.
Масофадан туриб ишлаш имкони бўлмаган соҳа вакиллари – қурувчилар ёки завод ишчилари ўз иш жойларида хавфсизлик тартибларини таъминланган ҳолда ишлаши талаб этилади.
Амалда қолаётган тақиқлар
Кучда қолган тақиқларга кўра, таътилга чиқилмайди, ёзги уйларда қолинмайди, ёрдам бериш мақсадидан бошқа барча ҳолларда дўстининг уйи ёки бошқа инсонларнинг уйига бориш тақиқланади.
Жамоат жойларидаги ҳовузларда сузилмайди, болалар майдончаларидан фойдаланилмайди. Ёпиқ спорт заллари, ёпиқ сузиш ҳавзалари, ёпиқ кўнгилочар марказлар ёки иншоотлари очилмайди.
Барлар, тунги клублар, ресторанлар ва театрлар ёпиқлигича қолади.
Қоидаларни бузганлар учун жарима миқдори 60 фунтдан 100 фунтгача оширилади. Ҳар бир қонунбузарликлар сони кўпайгани сари бу миқдор 3 минг 200 фунт стерлинггача ошиши мумкин.
Иккинчи босқичда мактаблар, учинчи босқичда меҳмонхоналар очилади
Режага кўра, 1 июнь кунидан эътиборан амалда бўладиган иккинчи босқичда айрим дўконлар очилади ва дастлаб бошланғич мактаблар, кейин эса юқори синф ўқувчилари учун дарслар бошланади.
Июль ойида бошланиши режалаштирилган учинчи босқичда эса ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилиш шарти билан меҳмонхоналар ва жамоат жойлари очилади.
Карантин қарорлари
Англияда 23 мартда бошланган ва 16 апрелгача узайтирилган чекловларга кўра, одамлар фақат асосий эҳтиёж молларини харид қилиш, шунингдек, кунда бир бор жисмоний машқлар бажариш, масофадан туриб ишлаш имконсиз бўлган тақдирда, иш жойига бориш ва бошқаларга ёрдам кўрсатиш учунгина ташқарига чиқишлари мумкин эди.
Фақат бозорлар, дорихоналар ва етказиб бериш хизматини кўрсатаётган ресторанлар фаолият юритаётган мазкур мамлакатда барча ижтимоий тадбирлар тақиқланганди.
Маълумот учун, Covid-19 туфайли ҳалок бўлганлар сони 32 мингдан ошган Англия ўлим даражаси бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ва Европада эса биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
18:15 / 12.11.2024
Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46 / 10.11.2024