Ўзбекистон | 15:50 / 24.05.2020
16388
2 дақиқада ўқилади

Навоийда иккинчи тўлқинда касалланган беморлар ҳам соғая бошлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги республиканинг учта ҳудудида 33 нафар бемор соғайиб, Ўзбекистонда шу вақтгача касалликдан тузалганлар сони 2565 нафарга етгани тўғрисида хабар берди.

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 13 нафар, Самарқанд вилоятида 12 нафар ҳамда Навоий вилоятида 8 нафар, жами 33 нафар бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Эндиликда Тошкент шаҳрида тузалганлар сони 919 нафарга етди, даволанаётганлар эса 353 нафарни ташкил этмоқда.

Самарқанд вилоятида эса соғайганлар 230 нафарга етган, 94 нафар даволанишни давом эттирмоқда.

Навоий вилоятида эпидемия бошланганидан буён дарддан фориғ бўлганлар сони 10 нафарга етди, 78 бемор шифохонада қолмоқда.

Қайд этиш керакки, аҳоли орасидан коронавирус инфекцияси аниқланиш ҳолатлари ҳам айнан ушбу учта ҳудуд: Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Шу боис, ушбу ҳудудларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда беморларни самарали даволаш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шундай қилиб, бугун ҳозирга қадар 33 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2565 нафарга етди.

Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони 3132 нафарни ташкил қилиб, соғайган ва вафот этганлардан ташқари, жами 554 нафар бемор даволанмоқда.

Маълумот учун, Навоийда илк ҳолатлар 31 март куни аниқланганди. Уларнинг бири 25 апрель куни тузалганди, 4 май куни иккинчи бемор ҳам соғайиб чиққан ва Навоий коронавирусдан холи ҳудудга айланганди.

6 май куни Республика махсус комиссияси қарорига кўра Навоий «яшил» ҳудуд сифатида белгиланди.

Аммо 8 майда Навоий шаҳрида карантин тадбирлари янада кучайтирилгани хабар қилинди.

9 май куни вилоят ҳудудида янги касалланиш ҳолатлари аниқлана бошлади. Ўтган вақт давомида 86та ҳолат аниқланди, энди уларнинг 8 нафари тузалди, 78 бемор даволанмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид