Қибрайда ноқонуний равишда бойлик орттирмоқчи бўлган шахслар ушланди
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
2020 йил 2 май кунига ўтар кечаси, соат 01:30да номаълум шахслар Тошкент вилояти Қибрай тумани Шалола маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бирига дераза ойнасини очиш йўли билан ғайриқонуний равишда кирган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар жами 48 775 510 сўмлик 5 дона иситиш печлари ва 108 дона иситиш мосламаларини (батарея) ҳамда бошқа воситаларни яширин равишда талон-торож қилиб ҳодиса жойдан яширинган.
Ҳолат юзасидан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 34 ёшли К.М., 32 ёшли И.И. ва 30 ёшли Д.Ю. содир этганликлари аниқланиб, улардан талон-торож қилинган бойликларнинг аксарият қисми ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Жиноят иши бўйича К.М., И.И. ва Д.Ю.га тегишли моддалар билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.